Озиқ-овқат саноатида 86 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида инвестицияларни жалб қилиш ва экспортни кўпайтириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ва ушбу соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот бошланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати ёзмоқда.
Президент раислигида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоқларида инвестициялар ва экспортни кўпайтириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
«Давлат раҳбари бундан буён йиғилишлар ҳар бир соҳа корхоналари вакиллари билан учрашув тарзида, уларни қийнаётган масалаларга ечимлари билан ўтказилишини таъкидлади. Ўтган йили 23 миллион тонна мева-сабзавот етиштирилди, озиқ-овқат саноатида 86 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ҳисоб-китобга кўра, бунча маҳсулотни ўзидан 5 миллиард долларлик экспорт қилса бўлади. Лекин иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги комплекслари мутасаддилари ва ҳокимлар ишни тўғри ташкил қила олмагани, экспортчилар муаммосини ҳал қилмагани учун экспорт 2 миллиард доллардан ошмагани қайд этилди», – дейилади.
Йиғилишга энг фаол 100 дан зиёд экспортчи-тадбиркорлар ва логистика корхоналари вакиллари таклиф қилинган.
Президент топшириғига мувофиқ, уларнинг муаммолари ва таклифлари ўрганилди.
Давлатимиз раҳбари йиғилганларга “соҳа учун яна қандай шароит керак, жорий йилда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат экспортини 3,5 миллиард долларга етказиш учун нималар зарур” деган саволларга биргаликда жавоб топишни таклиф қилди.
Президентимиз соҳадаги муаммоларга тўхталиб ўтган.
Жумладан, ўтган бир йилда Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Колумбия, Индонезия каби 10 дан ортиқ янги бозорларга чиқилди, маҳсулотларимиз экспорт қилинадиган мамлакатлар сони 85 тага етди.
«Лекин, экспортнинг 80 фоизи 5 та давлат бозорига тўғри келаяпти. Яъни, қишлоқ хўжалиги экспортини асосий қисмини “килосига 1 доллардан паст нархда бўлган бозорлар” ташкил қилмоқда. Ўтган йили 52 та мамлакатга 126 минг тонна узум экспорт қилинган бўлса, шундан 98 минг тоннаси 12 та давлатга килограмми 1 доллардан кам нархда сотилган. Энг харидоргир маҳсулотларимиз бўлган гилос, шафтоли, хурмо, ўрик, олча, олхўри, анжир, анор, бодом, ловия, мош экспортида ҳам шу аҳвол», – дейилади хабарда.
Шарҳлар