Қозоғистон полицияси икки нафар Ўзбекистон фуқаросини меҳнат қуллигидан озод қилди

Фото: Repost.uz

Қозоғистон полицияси Манғистау ва Туркистон вилоятларида икки нафар Ўзбекистон фуқаросини меҳнат қуллигидан озод қилди, шунингдек, уларнинг “иш берувчилари”га нисбатан иш қўзғатди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради, деб ёзади Mediazona.ca.

Манғистау вилоятида полиция 44 ёшли ўзбекистонликни бир неча йил давомида меҳнат қуллигига дучор қилган фуқарони аниқлади. Қозоқ йигит унинг ҳужжатларини олиб қўйиб, чорва молларини боқиш, шунингдек, рўзғор ва ёрдамчи ишлар билан шуғулланишга мажбурлаган. Бундан ташқари, жабрланувчи чорвани боқадиган қишлаш жойи энг яқин аҳоли пунктидан 90 км узоқликда жойлашган.

Иккинчи Ўзбекистон фуқароси Туркистон вилоятида меҳнат қуллигида сақланган. Икки нафар маҳаллий аҳоли 2017 йилдан бери 53 ёшли эркакнинг паспортини тортиб олиб, уни эксплуатация қилган. Полиция маълумотларига кўра, жабрланувчи чорва молларини боқишга ва ҳайвонлар билан қўрада яшашга мажбур бўлган. Чет эл фуқароси ишлашдан бош тортганида, унга жисмоний ва руҳий босим ўтказилган.

Қўшни республика фуқароларини қулликда ушлаб турган қозоғистонликларга нисбатан эксплуатация қилиш мақсадида ноқонуний озодликдан маҳрум қилиш моддаси бўйича иш очилди. Аниқлик киритилишича, иккала жабрланувчига тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда.

Бу Қозоғистонда аниқланган меҳнат қуллигининг биринчи ҳодисаси эмас. Шу тарзда 2022 йил ноябрь ойида Абай вилоятида полиция турли деҳқон хўжаликларида 12 йил давомида эксплуатация қилинган ногиронлиги бор фуқарони озод қилганди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Чимкентда беш нафар Ўзбекистон фуқароси топилгани, уларнинг ҳужжатлари олиб қўйилиб, текинга ишлашга мажбурлангани ҳақида хабар берилган эди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.