Қозоғистон ва Ўзбекистон экология соҳасида ҳамкорлик қилишда тўғрисида қонун қабул қилинди
Қозоғистон парламенти юқори палатаси «Қозоғистон Ҳукумати ва Ўзбекистон Ҳукумати ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида»ги Қонунни маъқуллади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Бу ҳақда «Казинформ» халқаро ахборот агентлиги маълум қилди. Ушбу битим 2022-йил 22-декабрда Тошкент шаҳрида имзоланган. Битим Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда тегишли равишда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Мазкур ҳужжат доирасида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш ва назорат қилиш, сув ифлосланишининг олдини олиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, экотизимни деградациядан ҳимоя қилиш ва қум бўронларининг олдини олиш ва бошқа масалалар ҳисобга олинади.
Бундан ташқари, Битим Орол ҳавзасидаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқишни назарда тутади. Мазкур халқаро ҳужжат доирасида атроф-муҳит мониторинги соҳасида қўшма илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш масалалари бўйича қўшма конференциялар, давра суҳбатлари, учрашувлар, шунингдек, ишчи гуруҳларни ўтказиш режалаштирилган.
Шарҳлар