Қозоғистон Ўзбекистондан Афғонистонга юк транзит қилиш тарифларини камайтиришни сўради
Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл орқали транзит ташиш тарифларини пасайтириш имкониятини кўриб чиқишни сўради. Бу ҳақда 17 июль куни Қозоғистон ҳукуматининг матбуот хизмати Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукумати раҳбарларининг ўринбосарлари даражасидаги ишчи гуруҳининг Астанада бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича маълум қилади.
“[Томонлар] Қозоғистон ун маҳсулотларининг Ўзбекистон ҳудуди орқали транзити учун тарифларни пасайтириш имкониятларини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратди. Қозоғистондан Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга ун экспорти ҳажми тарихий максимал даражада 2017 йилда 1,209 миллион тоннани ташкил қилганди. Кейинги йилларда бу кўрсаткич сезиларли даражада пасайди: 2021 йилда – 536 минг тонна, 2022 йилда – 816 минг тонна. Жорий йилнинг 6 ойида – атиги 275 минг тонна”, — дейилади хабарда.
Қозоғистоннинг ун экспорти бўйича салмоқли салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, Астана Тошкентга Ўзбекистон орқали Афғонистонга темир йўл орқали транзит ташишда базавий тарифга имтиёзлар бериш имкониятини кўриб чиқиш илтимоси билан мурожаат қилди.
“Учрашув иштирокчилари темир йўл ташувлари бўйича қулай тариф шартларини муҳокама қилиш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқиш учун қўшма эксперт ишчи гуруҳи тузишга келишиб олдилар”, — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Афғонистон Қозоғистон уни ва буғдойининг асосий ва анъанавий бозорларидан биридир.
Шарҳлар