Қозоғистон Ўзбекистонгача 172 млн долларлик автомобиль йўли ётқизишни режалаштирмоқда

Источник: Max Andrey/pexels.com

Қозоғистон Ўзбекистонгача 75 миллиард тенге қийматидаги автомобиль йўлини қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда LS портали Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлигига таяниб ёзади.

Вазирлик маълумотларига кўра, декабрь ойида икки давлат вакиллари Қизилўрда-Учқудуқ автомобиль ва темир йўл қурилиши режасини имзолаган. Автотрасса узунлиги 280 км бўлиши, жумладан, 140 км Қозоғистон ҳудудидан ўтиши кутилмоқда.

2024-2025-йилларда йўлнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, 2025-йилдан эса икки-уч йил ичида йўл қурилишини бошлаш режалаштирилган.

“Автомобиль йўли қурилишининг тахминий қиймати 75 миллиард тенгени ташкил этади, жумладан, назорат-ўтказиш пункти қурилиши учун 5 миллиард тенге сарфланади”, — дейилади хабарда.

Вазирликнинг тахминларига кўра, бу йўл Марказий Осиё давлатларини Қозоғистоннинг жанубий, марказий ва шимолий ҳудудлари орқали Россия билан бирлаштиради. Автомобиль йўли Қизилўрда – Жезқазғон – Павлодар – Россия чегараси халқаро йўлагининг бир қисми бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томони Қизилўрда – Учқудуқ янги темир йўл линиясини қуриш ташаббуси билан чиқмоқда. Қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди. Техник-иқтисодий асослашни ишлаб чиқиш учун иқтисодий таҳлилни ўтказиш қоади.

Шу билан бирга, бу икки давлатнинг режаларидаги ягона темир йўл эмас.

Сайёҳлик салоҳиятини ошириш учун 2021-2024-йилларда 160 миллиард тенгега Туркистон-Чимкент-Тошкент юқори тезликдаги магистрални қуриш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Ушбу лойиҳа Марказий Осиёнинг энг йирик тарихий-маданий марказларини бирлаштиради, йўловчи ташиш ҳажмини 250 км/соат ҳаракат тезлиги билан йилига 1,9 миллион йўловчига етказади.

Шунингдек, 115 км узунликдаги Ўзбекистон темир йўл линияларига чиқадиган Дарбоза – Мақтарал темир йўл линиялари қурилиши ҳам ишлаб чиқилмоқда. Давлат режасида мазкур лойиҳага 161,8 миллиард тенге маблағ кўзда тутилган.

Ушбу темир йўл Афғонистон, Покистон, Туркманистонга транзит масофасини қисқартириши, мавжуд Сариоғоч назорат-ўтказиш пунктини енгиллаштириши, Қозоғистоннинг Мақтарал туманини,  Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ўтмасдан, асосий темир йўл билан боғлаши кутилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.