Қозоғистонда 60 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси меҳнат қуллигида сақлангани маълум бўлди
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари Чимкентдаги ғишт заводларида ноқонуний ушлаб турилган ва эксплуатация қилинган 60 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини озод қилди. Бу ҳақда Polisia.kz хабар беради.
Ақтобелик фуқаро акаси Чимкентдаги ғишт заводида меҳнат қуллигидан қочиб, Олмаотага етиб келгани, бироқ у ерда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берганидан сўнг полиция тергов бошлаган.
Сигнални олгандан сўнг, Олмаота Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ва Ауэзов туман ички ишлар бошқармаси ходимлари Чимкентга жўнаб кетишган, у ерда уч нафар “иш берувчи” қўлга олинган. Иккита ғишт заводи ҳудудидаги тинтувлар чоғида 60 дан ортиқ хорижлик ишчилар топилиб, уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани аниқланган.
Терговга қадар олиб борилган тергов натижаларига кўра, хорижлик фуқароларни заводга ишга таклиф қилиб, ҳужжатлари олиб қўйилгани, уларга иш ҳақи берилмагани, вақти-вақти билан жисмоний зўрлик ишлатиб, ўлим билан қўрқитилгани аниқланган.
Ғишт заводларининг эгаларига нисбатан “Меҳнат эксплуатацияси мақсадида қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш” ва «Ўзбошимчалик» моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Жабрланганларнинг 25 нафари “Сана сезим” юридик маркази қарамоғига, қолганлари шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги сабабли қабулхона-тақсимлаш пунктига жойлаштирилди.
Мавзу бўйича кўринг:
Сотилган одамлар: «Қуруқ чой ва нонда ўтирган кунларимиз бўлди»
Шарҳлар