Қозоғистонда ўзбекистонликлар кетаётган йўловчи автобуси ЙТҲга учради: жабрланганлар бор
Қозоғистоннинг Жамбул вилояти, Жамбул туманида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ЙТҲга учради. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг матбуот хизмати Қозоғистон ФВВ таянган ҳолда хабар беради.
15 июнь куни Қозоғистон вақти билан соат 03:10 да Жамбул области Жамбул районидан ўтувчи “Алмата-Тошкент” автомобиль йўлининг 545 километрида Қозоғистон Республикаси “Қизил тан” қишлоғидан 7 км узоқликда трикотаж маҳсулотлари ортилган юк машинасининг ёниши оқибатида автомобиль йўлида тирбандлик юзага келган.
Бунинг натижасида соат 03:40 ларда “Алмата-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган юк машинаси 2 та йўловчи автобуси ва 1 та енгил автомобиль билан тўқнашган. Тўқнашув оқибатида ушбу автотранспорт воситаларида ёнғин келиб чиққан.
Ёнғин содир бўлган автобусларнинг бирида 31 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ва улардан 3 нафари ўрта даражада тан жароҳати билан Тараз шаҳар тиббиёт масканига олиб борилган. Ҳозирда ушбу фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Маҳаллий нашрнинг ёзишича, ЙТҲ натижасида 1 киши ҳалок бўлган, 11 киши касалхонага ётқизилган. Шунингдек 14 та автомобиль, жумладан, иккита автобус ва битта юк машинаси шикастланган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қайд этишича, қозоғистонлик ҳамкасблар билан доимий алоқа ушланиб турибди ва ўзаро зарур маълумотлар алмашилмоқда.
Шарҳлар