Қозоғистоннинг янги бош вазири Абдулла Арипов билан телефон суҳбатини ўтказди
Кеча Қозоғистон бош вазири лавозимига тайинланган Алихан Смаилов ўзининг ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан телефон суҳбатини ўтказди. Суҳбат давомида Абдулла Арипов Смаиловни ушбу лавозимга тайинланиши муносабати билан табриклади. Томонлар икки томонлама ва кўп томонлама форматда стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга ишонч билдиришди, деб ёзади “Спутник” нашри Қозоғистон ҳукуматининг матбуот хизматига таянган ҳолда.
«Қозоғистон ҳукумати қардош Ўзбекистон Республикаси билан стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг ва олдинги эришилган келишувларни амалга оширишнинг қатъий тарафдори бўлиб қолади. Ишончим комилки, икки томонлама ҳамкорлик кун тартибида белгиланган режалар биргаликда амалга оширилади», — дея иқтибос келтиради нашр Смаиловнинг сўзларидан.
Қайд этиб ўтамиз, 5 январь куни президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматни истеъфога чиқарганидан кейин Алихан Смаиловни Қозоғистон бош вазири вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинлаганди. 11 январь куни эса Тоқаев унинг ушбу лавозимга номзодини узил-кесил тасдиқлади.
Шарҳлар