Хорижда озодликдан маҳрум этилган фуқаролар жазони Ўзбекистонда давом эттириши мумкин бўлади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Лойиҳага кўра, хорижий давлатларда жиноят содир этиб, озодликдан маҳрум этиш жазосига тортилган ва жазони ўтаётган фуқароларимиз қолган жазо муддатини Ўзбекистонда давом эттириши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, хорижий давлат ҳудудида ақли норасолик ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган ёки ушбу қилмишни содир этганидан кейин руҳий касалликка дучор бўлган шахсга хорижий давлат судининг унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурий чораларни қўллаш тўғрисидаги қарори бўлса, мажбурий даволашни Ўзбекистонда амалга ошириш учун қабул қилиш мумкинлиги белгиланмоқда.
– Ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодексида хорижий ҳамкорликнинг бир қатор тартиблари белгиланмоқда, – деди депутат Шерзод Тўхташев. – Хусусан, хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақида Бош прокурор ёки унинг ўринбосари томонидан Олий судга илтимоснома киритилиши, илтимоснома озодликдан маҳрум этилган ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахснинг доимий яшаш жойи бўйича, доимий яшаш жойи бўлмаганда эса Ўзбекистон ҳудудида охирги рўйхатга олинган жойи бўйича жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан кўриб чиқилиши, маҳкум ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланган шахсни бериш ва қабул қилишга уларнинг қонуний вакили ёки яқин қариндошининг аризасига, шунингдек, Бош прокуратура ёки хорижий давлат ваколатли органининг илтимосномасига биноан берилаётган шахс ёхуд унинг қонуний вакилининг розилиги билан йўл қўйилиши, маҳкум ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланган шахсни бериш Бош прокурор ёки унинг ўринбосарининг қарори, уларни қабул қилиш эса суднинг ажримига асосан амалга оширилиши ўз аксини топмоқда.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Шарҳлар