Паралимпиядачилар МДҲ давлатлари ўртасида 1-ўрин, Осиё қитъасида 3-ўринни эгаллади
Ўзбекистон жамоаси 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллагани таъкидланди.
Паралимпия ўйинларида бундай рекорд натижа илгари ҳеч қачон бўлмагани қайд этилди.
“Бу – сизларнинг тинимсиз меҳнатингиз, букилмас иродангиз, истеъдод ва маҳоратингиз самарасидир. Бу – юртимизда инсон қадрини амалда таъминлашга қаратилган тизимли ишларимиз натижасидир. Ўз Ватанини жону дили билан севадиган, метин иродали, юрагида ўти бор инсонларгина шундай улуғ ишларга қодир бўлади. Халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади. Катта раҳмат сизларга!”, – деди давлатимиз раҳбари.
Токио Паралимпия ўйинларидан сўнг кейинги сафар албатта кучли “ўн бешталикка” кирамиз, деб эзгу ният қилинган эди.
Ўтган йиллар давомида шу мақсад йўлида тинимсиз меҳнат қилинди. Спортчиларимиз учун барча зарур шароитлар яратилиб, юксак марралар учун пухта замин тайёрланди.
Натижада Ўзбекистон бу йилги Паралимпия ўйинларида биринчи марта энг кўп таркиб билан, яъни 9 та спорт тури бўйича 65 нафар спортчи билан иштирок этди.
Айниқса, пара велоспорт бўйича вакилларимиз ушбу мусобақаларда илк бор қатнашганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Шарҳлар