Парижда кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун халқаро спорт мусобақаси якунланди
Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлигининг хабар беришича, кеча, 24-июль куни Париж шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир бўлиб ўтди.
Европа қитъасида “олижаноб спорт” дея эътироф этилаётган миллий спортимиз бўлмиш кураш яна сайёрамиздаги энг гўзал шаҳарлардан бири Парижда тантана қилди. Франсиянинг рамзий тимсолига айланган дунёга машҳур Эйфел минораси ҳудудида ўтказилган мусобақа довруғи етти иқлимга таралди.
Жаҳоннинг 30 га яқин давлатларидан спорт усталари иштирок этган турнирда Европанинг кўзга кўринган полвонлари жам бўлишди. Ўз навбатида ўзбек полвонлари ҳам ушбу мусобақада ҳеч кимдан кам эмасликларини амалда кўрсатдилар.
Мутлақ вазн тоифасида ўтказилган мусобақада гиламга чиққан ҳар бир полвон миллати, дини ва эътиқодидан қатъий назар ўзбекона қадриятларимизга ҳурмат бажо келтирди. Чунончи, кураш гиламига чиққан ҳар бир спортчи беллашув аввалида рақибига ҳурмат сақлаган ҳолда таъзим қилиб баҳсларга киришди, “кураш” чақириғи бўлганда курашди, “тўхта” дейилганда тўхтади. Бир сўз билан айтганда, дунё полвонлари ўзбекча кураш тушди.
Мусобақа якунида эркаклар ўртасида ҳамюртимиз Муҳаммадкарим Хуррамов, аёллар орасида еса Германия вакиласи Жасмин Грабовскилар бош совринни қўлга киритишди.
Шарҳлар