Паркент туманида болалар мактабга жар ёқалаб бормоқда: ҳокимлик муаммони йил якунигача ҳал қилишга ваъда берди
Ижтимоий тармоқларда «Мактабга жар ёқалаб қатнайдиган болалар» сарлавҳаси остида Паркент тумани Чанги қишлоғи “Нуробод” маҳалласи Обишер кўчасида олинган расмлар кенг тарқалди ва кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Туман ҳокимлиги вазият бўйича расмий баёнот берди.
Ўқувчилар қийинчилик билан юраётган йўл маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилган, аммо 2022 йил баҳор фаслидаги давомий ёғингарчиликлар сабабли йўлнинг катта қисмига жиддий зарар етган.
Туман ҳокимлиги мутасадддилари ушбу йўл ички йўллар балансига кирмаганлиги сабабли лойиҳа-смета асосида ички йўллар балансига киритилишини ҳамда қурилиш ишларида малакали мутахассислар жалб қилинишини, шунчаки шағал ташлаш орқали муаммога узил-кесил ечим топиб бўлмаслиги, ёмғирли мавсумларда бундай ҳолатлар яна такрорланиши мумкинлигини маълум қилган.
Қишлоқдаги бу вазият туман ҳокимлигининг тўлиқ назоратига олинган ва қурилиш ишлари учун лойиҳалаштириш ишлари бошланган. 2022 йил сўнгига қадар бу масалага ижобий ечим топилади.
Ҳокимликнинг маълумотига кўра, ушбу мактабга бориш учун муҳокамаларга сабаб бўлган расмларда кўрсатилган йўлдан ташқари қўшимча хавфсиз йўл ҳам мавжуд. Обишер кўчаси билан мактаб орасидаги масофа 1.3 км ташкил этади.
Шарҳлар