Паркент туманидаги тиббий бирлашма ходимлари 1,5 млрд сўмни талон-тарож қилганликда гумон қилинмоқда
Паркент туман прокуратураси Паркент туман тиббиёт бирлашмасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни сарфланиши, давлат мулки ва бошқа объектларни сақланиши юзасидан текшириш ўтказган. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.
Текшириш натижасига кўра, туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари 2019/20 молия йилида бюджет ва смета-штат интизомини 1 млрд 193 млн 205 минг сўм миқдорда бузган. Шунингдек, мазкур шахслар 1 млрд 511 млн 123 минг сўм пул маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган.
Мазкур ҳолатлар 36 нафар туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари ва ишга алоқадор гувоҳларнинг кўрсатмаларида баён этилган. Бундан ташқари, соҳталаштириб, нотўғри маълумотлар киритилган табеллар, штат-смета ҳужжатлари ва бошқа далиллар иш ҳужжатларига қўшилган.
Айбланувчиларга нисбатан процессуал тартибда қамоқ, уй қамоғи ва гаров эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Юқоридагиларга кўра, тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 184(1)-моддаси (Бюджет ва смета-штат интизомини бузиш) 2-қисми ва 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган ва тергов якуни бўйича жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун ЖИБ Паркент туман судига юборилган.
Шарҳлар