Парламент сўровидан сўнг прокуратура томонидан 58 жиноят иши очилган
Сенат ялпи мажлисида аввалги мажлисларда кўтарилган муаммолар қандай ҳал этилганига эътибор қаратилган.
Сенат Раиси Танзила Норбоева дарёлар ўзанларини тозалаш, қирғоқларини мустаҳкамлаш масалалари, қум-шағални бетартиб қазиб олишнинг экологик оқибатлари юзасидан Ҳукуматга юборилган парламент сўровида мутасаддилар олдига қатъий вазифалар қўйилганини қайд этган. Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамаси соҳадаги ечимини кутаётган ҳолатларга жиддий эътибор қаратиб, вазиятни назоратга олди ва қонун бузилишларига нисбатан таъсирчан чоралар кўрилиши таъминланди.
«Мисол учун, бугунги кунда прокуратура органлари томонидан жами 58 жиноят иши бўйича аниқланган ҳолатлар натижасида табиатга 60 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилгани ҳисоблаб чиқилиб, уларни ундириш чоралари кўрилмоқда», – дейилади хабарда.
Яна бир масала – ижтимоий-маиший қурилиш объектларини фойдаланишга қабул қилишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари вакилларини давлат қабул комиссияси таркибига киритишда юзага келган муаммо кўтарилган эди. Қатъий парламент назорати доирасида ушбу масала узил-кесил ҳал қилиниб, қонун устуворлиги таъминланишига эришилган.
Хусусан, қонун талабларига мувофиқ, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, унинг барча ҳудудий бўлинма вакилларига қурилиш объектларини қабул қилиш бўйича махсус электрон платформадан фойдаланиш учун имконият яратилган.
«Шунингдек, “Uzbekistan airways” АЖ томонидан республика ҳудудидаги ҳамда хорижий агентларга жорий йил 29 сентябрдан корпоратив тизим орқали авиачипта сотишда йўловчилардан паспортнинг асл нусхасини талаб этиш тўхтатилган. Қолаверса, фуқароларнинг туғилганлик ҳолати қайд қилинганлиги ҳақида QR код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотномага ҳам авиачипта сотиш тизими тўлиқ ишга туширилган», – дейилади.
Бундан ташқари Ҳукумат томонидан лифт ускуналарини сифати, лифтларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнлари назоратини кучайтиришга қаратилган талаблар жорий қилинган.
Шарҳлар