Сурхондарёда патронаж ҳамшираларига скутерлар топширилди

Фото: вилоят ҳокимлиги

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар, таълим, тиббиёт масканлари, маҳалла “еттилиги” фаолияти, “Сайҳунобод тажрибаси”ни жорий этиш тадбирларининг бориши билан танишиш мақсадида Жарқўрғон туманига борган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар беряпти.

Тумандаги 27-сонли оилавий поликлиника бўлган вилоят раҳбари ҳудуд аҳолиси тарқоқ жойлашганлиги, патронаж хизмати кўрсатишда қийинчиликлар юзага келаётганлиги сабабли биринчи марта тажриба сифатида патронаж ҳамшираларига скутерлар ва патронаж сумкаларини топширган.

«Бундан ташқари патронаж ҳамширларига УзГПРС тармоғига уланган планшетлар топширилди. Шу ернинг ўзида ушбу планшетларнинг афзаллик ва қулайликлари тақдимот қилинди. Ҳамшираларнинг кунлик ишлари, кирилган хонадонлар, уларда аниқланган касалликлар кўрсаткичлари онлайн тизимга киритилиб борилади. Ушбу маълумотлар 6 ой давомида сақланади ва патронаж ҳамшираларининг иш фаолияти самарадорлик кўрсаткичларини шу орқали баҳолаш имконияти яратилади», – дейилади хабарда.

Оилавий поликлиника фаолияти билан танишувда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев ҳам иштирок этган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.