Павел Дуров ҳибсга олинди. Натижада…

Foto: qalampir.uz

Telegram асосчиси Павел Дуров ҳибсга олинди. Унга терроризм, гиёҳвандлик, жиноий шерикчилик, фирибгарлик, пул ювиш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, Telegram’даги педофилияга асосланган контент сингари бир қатор айбловлар қўйилди. Дуров билан боғлиқ воқеадан сўнг дунёда уни ҳар хил усуллар билан қўллаб-қувватлаш бошланди.

Жумладан, Россияда Дуровни қўллаб-қувватлаб, ҳештеглар туширилган футболкалар сотувга чиқарилди. Уларга Free Durov хештеги туширилган. Шу номдаги ботлар ҳам яратилмоқда.

Россиянинг Франциядаги элчихонаси мамлакат ҳукуматидан Павел Дуров иши бўйича тушунтириш беришни талаб қилди. Шунингдек, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, консулликка бу борада тегишли ҳуқуқ беришни ҳам сўраган. Аммо айни пайтда Франция томони бу масалада ўзаро ҳамкорлик қилмаяпти.

“Павел Дуров адвокати билан алоқада бўлиб турибмиз”, дейилган элчихона хабарида.

Шунингдек, Москвадаги Франция элчихонасида Россиянинг “Янги одамлар” партияси Дуровни қўллаб-қувватлаш митингини бошлади. Партия расмийлари турли минтақалардаги рус диаспорасидан Дуровни озод қилиш учун Франция элчихоналарига Тelegram логотипидаги қоғоз самолётларни ташлаб кетишга чақирган.

Айрим оммавий ахборот воситаларига кўра, Павел Дуровнинг Францияда ҳибсга олиниши “Париждаги кечки овқат” номли махсус хизматларнинг тезкор операцияси натижаси бўлиши мумкин. Бундан кўзланган мақсад Россиянинг ахборот имкониятларини заифлаштириш ва АҚШнинг тарғибот-мафкуравий ва разведка аппарати назорати остидаги ижтимоий тармоқларнинг салоҳиятини ошириш эканлиги қайд этилмоқда. Дуров июнь ойида Теlegramʼда Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюриш ниятини билдирганди. Ундан кейин Озарбайжон, Покистон, Бангладеш, эҳтимол Афғонистонга бориш ҳам режалаштирилганди. Жумладан у Ўзбекистонга ҳам келган эди. Сафари ҳақида ҳам ёзиб, Ўзбекистоннинг 70 фоиздан ортиқ аҳолиси Теlegram’дан фойдаланишини айтганди.

Бакудаги ташрифдан сўнг, Дуровнинг шахсий самолёти шартли Карачи ёки Дакканинг ўрнига Парижга йўл олган. Баъзи наўрларнинг ёзишича, учувчилар Ғарб махсус хизматлари томонидан сотиб олинган. Тунги парвозда парвоз қайси йўналишда амалга оширилаётганини кузатиш мумкин эмас. Чегарадан ўтиш масаласида эса, АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва Франция хизматлари тегишли чораларни амалга оширган.

Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев Дуров ишининг тезроқ ҳал этилишига умид билдирди.

“Мен Павел Дуров ва Теlegram жамоаси билан боғлиқ сўнгги воқеалардан чуқур афсусдаман ва Дуровни қўллаб-қувватлашимни билдирмоқчиман. Биз бу вазият тезроқ ҳал этилишига умид қиламиз”, деб ёзган у ўзининг Facebook саҳифасида.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса мамлакатнинг Париждаги элчихонаси томонидан Франция Ташқи ишлар вазирлигига Дуров билан консуллик алоқасини талаб қилиб нота юборилганини маълум қилди.

“Муаммо шундаки, Павел Дуров Франция фуқаролигига эга”, деган Захарова.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.