Ўзбекистонда пахта етиштирувчилар нархни туширишга мажбурланмоқда
Пахта-тўқимачилик кластерлари фермерларга етиштирилган пахта учун йил бошида тузилган шартномалардаги нархда тўлов қилишни истамаяпти. Бунга жаҳон бозорида пахта хомашёси арзонлашгани важ қилиб кўрсатилмоқда. Жойларда фермерлар кластер билан тузган шартномаларни ўзгартириш бўйича “ихтиёрий-мажбурий” тарзда қўшимча шартномалар тузишга мажбурланмоқда, деб ёзади Kun.uz.
Нашрга келиб тушган аудиоёзувда Сурхондарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳматулло Ғаффоров туманлардан бирининг ҳокимига шу мазмунда топшириқ берганини эшитиш мумкин. Амалдор Тошкентдан “бланка” ташлаб берилганини айтиб, фермерлар унга имзо қўйиб бериши зарурлигини таъкидлаган.
“Ҳоким бува, ҳозир Тошкентдан, биржа томонидан бланка ташлаб берилди. Эртага 100 фоиз фермер хўжаликлари йиғилишда қатнашиши шарт. Ҳамма фермер йиғилганида, шу бланкага печат бостириб, бир тарафига имзо қўйдириб бериши керак. Вазирлар Маҳкамасининг янги чиққан 574-сонли қарори ижроси мана шу билан бўлиб кетади. Қайтадан 6800 сўмдан бўлади, устига давлат субсидия беради, 1000 сўм қўшилганидан кейин 7800 сўм бўлади. Олдинги тузилган, 8000-9000 сўмдан сотилган ҳаммаси 100 фоиз бекор бўлади”, – деган ҚХБ бошлиғи.
Kun.uz мухбири Telegram’да бу овозли хабарни йўллаган “Гаппаров Рахматулла” номли аккаунтга бириктирилган телефон рақамига қўнғироқ қилди. Гўшакни Раҳматулла Ғаффоров кўтарди ва ўзини таништирган мухбирга “Ғаниевнинг видеойиғилишида ўтиргани”ни, “ундан чиқиб боғланиши”ни айтди. У катта эҳтимол билан давлат раҳбарининг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниевни назарда тутган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармаларига бундай буйруқ, кўрсатма ёки топшириқ берилмаган. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги эса вазият ва аудиоёзувни ўрганаётганини маълум қилди, шунингдек, бундай кўрсатма йўқлигига ишонтирди.
Шарҳлар