Пестицидлар назорат қилинмас экан, етиштираётган маҳсулотларимиз бозорини тополмайди
Президент ён қўшниларимизнинг йиллик импорти 90 миллиард доллар бўлгани билан бизнинг ундаги улушимиз атиги 4 фоиз экани, ёки МДҲ доирасида эркин савдо режими ўрнатилгани билан, Ҳамдўстликдаги 500 миллиард долларлик импортда бизнинг ҳиссамиз 2 фоизга ҳам бормаслигини мисол қилиб келтирди.
Демак, рақобат борасида ҳали анча ишлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу борада катта ислоҳот бошланиб, икки ой олдин алоҳида фармон билан металлургия, кимё, энергетика ва телекоммуникация тармоғида эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.
Корпоратив харидларда ишлаб чиқариш учун олинадиган маҳсулотларга ҳам нарх устуворлиги бекор қилиниши қайд этилди.
Бундан буён, ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмаслиги, хоҳ давлат стратегик корхонаси бўлсин, хоҳ хусусий корхона ёки хорижий инвестор бўлсин, иқтисодиётда барча тенг шароитда ишлаши таъкидланди.
Президент Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик халқаро транзит юк ташишда ортиқча тўлов ёки чекловлардан халос қилишини қайд этди.
Умуман, маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириш, ташқи бозорларда муносиб ўрин топиш учун халқаро стандартларга ўтиш кераклиги таъкидланди.
Масалан, пестицидлар назорати йўлга қўйилмас экан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 2030 йилгача 10 миллиард долларга етказиш бўйича белгилаган марраларга эришиб бўлмайди. Етиштираётган маҳсулотларимиз бозорини тополмасдан нобуд бўлаверади.
Шу боис, бу йил озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича катта ўзгаришлар режалаштирилган. Бу орқали карантин, ветеринария, санепидемназорат ва стандарт ташкилотларининг такрорловчи ваколатлари қисқаради, тадбиркорларни қайта-қайта текширишга чек қўйилади.
Ўтган йилги учрашувдан кейин 309 та корхонага 280 миллион доллар экспортолди кредитлари ажратилди. Ушбу корхоналар ҳозиргача 625 миллион долларлик экспорт қилди. Бу рақам йил якунигача яна икки карра ошиши ҳисоб-китоб қилинган.
Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида яна 122 та экспортчининг 145 миллион долларлик айланма маблағга эҳтиёжи борлиги аниқланди.
Шу боис, тармоқларни ривожлантиришга берилган маблағдан 200 миллион доллари экспортолди молиялаш учун йўналтирилади. Шундан, 50 миллион доллари банк кредитлари учун кафилликка берилади. Бу маблағлар ҳисобидан бир йил ичида қўшимча 1 миллиард доллар экспорт бўлади.
Шарҳлар