Президент Бухорога ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади

Фото: prezident.uz

31 май куни Президент Шавкат Мирзиёев  Бухоро вилоятига келди. Ташриф хайрли амалдан – Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошланди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, ўзбекистон халиқга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо ўқилди.

Давлат раҳбари ташаббуси билан мажмуа янада обод қилиниб, тарихий аслият тикланмоқда. Зиёрат чоғида ушбу ишлар кўздан кечирилди. Аввало, Тоқи миёна дарвозасидан борувчи тарихий йўлак тикланди ва энди зиёратчилар Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига суннатга мувофиқ қибла тарафдан юриб боради. Шунингдек, Тоқи миёна дарвозасининг икки ёни боққа айлантирилган ҳамда музей ва таҳоратхона барпо этилган. Йўқолиб бораётган Дониёлбий мадрасаси ҳам тикланмоқда.

«Юз йил вайрон бўлиб ётган бу дарвозани тиклаганимиз – ўзликни англаш, тарихга ҳурматимиз ифодаси. Энди бу ердаги ҳар бир обидага, хонлар даҳмаларига битиклар ёзиб қўйиш керак. Зиёратга келганлар қадамма-қадам тарихни ўрганиб, маънавий руҳ олиб ўтсин» – деди Шавкат Мирзиёев.

Олимлар билан суҳбатда Баҳоуддин Нақшбанд меросини чуқур ўрганиш ҳақида фикр алмашилди. Чет давлатлардан манбаларни олиб келиш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, музейни Имом Бухорий мажмуасидагидек мазмунан бойитиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, зиёратчилар, жумладан, хорижий туристлар учун қулайликларни кенгайтириш, қишга ҳам, ёзга ҳам мос шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мутасаддиларга шуларни қамраб олган ҳолда, олимларнинг таклифлари асосида қарор ишлаб чиқиш топширилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.