Пиротехника машмашалари: божхоначилар нима дейди

Фото: dalapex

Янги йил байрами яқин. Ҳозирданоқ пақилдоқлар овози кишини ваҳимага солмоқда. «Қорабозор»да шовқини ва жозибасига қараб 30 минг сўмдан 2.5 млн. сўмгача нархланаётган мушакларнинг бозори чаққонлашиб бормоқда. Афсуски, пиротехника воситаларининг асосий харидорлари эса ўқувчи-ёшлар. Anhor.uz бу борада Божхона органларининг муносабатларини ўрганди. Сухбатдошимиз Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Отабек Одилов.

Фото: Отабек Одилов – Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари

“Пақилдоқдан чиқадиган кучли шовқин қулоқ пардаларини зарарлаши, ҳатто йиртилишига сабаб бўлиши мумкин”, – дейди биз билан сухбатда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Отабек Одилов.

КОНТРАФАКТ ПИРОТEХНИКА – ИККИ ҲИССА ХАВФЛИ

Бизнес соҳасидаги ушбу терминнинг асл маъноси истеъмолчини адаштириш даражасида товар номини ўзгартиришдир. Бунда товар белгисига бўлган ҳуқуқлар бузилган ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, ноҳалол тадбиркор осон даромад кўриш учун кўп йиллик тажрибага эга, харидорлар ишончини қозонган ва бозорда ўз ўрнини топган товар номига ўхшатиб маҳсулот чиқаради. Бу ҳуқуқбузарликка ҳамма маҳсулотлар, ҳатто дори-дармон саноатида ҳам дуч келиш мумкин.

“Қайта номланган”, сифатсиз дори истеъмол қилган беморни муқаррар ўлим кутганидек, контрафакт маҳсулотга айланиб, хавфлилик даражаси икки ҳисса ошган пиротехникани ишлатиб, янги йилни касалхонада кутиб олишингиз мумкин!”, – дейди Отабек Одилов.

 АСАБ ТИЗИМИ ЖИДДИЙ ШИКАСТЛАНАДИ

Пиротехник воситалардан фойдаланиш оқибатида нафақат куйиш ва бошқа жароҳатлар, балки асаб тизими ҳам жиддий шикастланади. Масалан, пақилдоқдан чиқадиган кучли шовқин қулоқ пардаларини зарарлаши, ҳатто йиртилишига сабаб бўлиши мумкин. Одатда пиротехника воситаларидан фойдалангандан сўнг, ҳавода қоладиган нохуш, яъни порох ёки шунга ўхшаш кимёвий бирикмалар ҳиди марказий нерв системасига жиддий таъсир кўрсатиб, ақлий фаолият бузилишига олиб келиши кузатилган.

ҚОНУН НИМА ДEЙДИ?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддаси билан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кирганлик ёки ўтказганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 2501-моддасида (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Фото: Божхона бошқармаси

“Пиротехника воситалари водий вилоятларидан айланма йўллар орқали республикамизга ноқонуний тарзда олиб кирилиши учраб туради. Ёки ноҳалол тадбиркорлар томонидан яшил ва сариқ йўлаклардан фойдаланиб, бошқа товарлар ниқоби остида, ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан яширинча олиб ўтилаётган бўлиши мумкин. Шунингдек, бундан аввалги ҳолатлар, яъни эски тартиб даврида мусодара омборига топширилган пиротехникалар яширинча йўллар билан олиб чиқилган бўлиш эҳтимоли ҳам бор. Аммо бугунги кунда ФВВ сақловига берилганидан сўнг бундай вазиятлар кузатилиш хавфи мавжуд эмас. Бу борада Тошкент шаҳар божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қиймати 332 млн. сўмлик ортиқ 460 минг 574 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний айлануви ва олди-сотдисига чек қўйилди. Энг ажабланарлиси, ушбу “пақилдоқ”лар  2 та ҳолатда аниқланган, – дейди Тошкент шаҳар божхона бошқармаси матбуот котиби Отабек Одилов.

 КИЧИК ПАҚИЛДОҚДАН ЙИРИК ЁНҒИНГАЧА

Айни кунларда юртимизда ёнғинга қарши курашиш ойлиги бормоқда. «Тилсиз ёв»га баъзан ис гази, баъзан ўзбошимчалик билан фойдаланилган иситиш печлари, айрим ҳолларда кичкинагина пақилдоқ ҳам сабаб бўлиши мумкин. Аммо барчасининг туб замирида бефарқлик ётади. Янги йил байрами кунлари ёнғинлар хавфи ва сони ортади. Чунки хурсандчилик пайтида кўпчилик ҳушёрликни йўқотади ва кўнгилсизликларга сабаб бўлади.

Суҳбат якунида, “Божхона органлари фуқароларимиздан пиротехника воситаларининг ноқонуний айлануви ва реализациясига оид маълумотларни Божхона қўмитасининг қисқа рақамли 11-08 Ишонч телефони ёки Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг 71-207-09-39 рақамлари орқали йўллашлари мумкинлигини эслатиб, бунда мурожаатларнинг анонимлиги кафолатланади”, – деди Отабек Одилов.

Эслатиб ўтамиз, пиротехника буюмларидан фойдаланганлик учун жарима мавжуд.

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга олиб кириш ёки ўтказиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, 1 млн 700 минг сўмдан 6 млн 800 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, пиротехника воситалари, қурол ва унинг ўқ-дорилари, ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлар рекламасига доир талабларни бузганлик – БҲМнинг 50 баравари (17 млн сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.