Андижонлик 25 ёшли шахс ўзганинг 5 миллион сўмини «ухлатди»
Сурхондарё вилояти, Ангор туманида яшовчи 47 ёшли Б.Ш. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 5 млн. сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Киберхавфсизлик матбуот хизмати хабар беряпти.
«Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Андижон вилояти, Андижон шаҳрида яшовчи 25 ёшли М.В. содир этганлиги аниқланган», – дейилади хабарда.
Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган, М.В. “Олх” платформасида “PLAYSTATION5” сотилади дея ёлғон эълон жойлаштирган ва бу эълонга ишонган жабрланувчи Б.Ш. билан телефон орқали гаплашиб, уни ишончига кириш орқали, олдиндан 5 млн. сўм миқдоридаги пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олган ва ёзишмаларни ўчириб юбориб, унинг қўнғироқларига жавоб бермай, қора рўйхатга киргазиб қўйган.
«Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, М.В.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда», – дейилган.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Шарҳлар