Энди пневматик қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликка тортилмайди
“Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 220-1-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ишлаб чиқилди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, фуқаро ўз ихтиёри билан пневматик қуролни олиб келиб топширса – ушбу қурол мусодара қилиниб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараварига, мансабдор шахсларга эса – йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин.
Жиноят кодексининг 248-моддасида эса жамоат хавфсизилиги даражаси анча юқорироқ бўлган ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилиниши кўзда тутилган.
Қайд этилган ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш мақсадида қонунчиликка пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли каби ўқотар бўлмаган қурол турларини ўз ихтиёри билан топширган шахслар жавобгарликдан озод қилинишини назарда тутувчи норма киритилмоқда.
Шарҳлар