Подстанциядаги авария Тошкент аэропортида электр энергиясининг қисқа муддатли узилишига сабаб бўлди

Фото: t.me/Tashkent_land

Шаҳар подстансиясида рўй берган авария Тошкент аэропортида қисқа муддатли электр таъминотида узилишга сабаб бўлди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» матбуот хизмати хабар берди.

«Тошкент халқаро аэропортида кеча оқшом маҳаллий вақт билан соат 22:09 да Қўйлиқ подстансиясида рўй берган авария туфайли электр таъминотида узилиш юз берди. Бир неча сония ичида захира манбалардан парвозларни таъминловчи объектлар: учиш-қўниш йўлаклари, ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимлари, радионавигация ускуналари қуввати тикланди. Шу туфайли пойтахт аэропортида рейслар кечиктирилмади», – дейилган хабарда.

Шунингдек, маҳаллий авиақатновлар ва учиб келиш терминаллари зудлик билан заҳира манбаларига ўтказилди. 15 дақиқа ичида, соат 22:24 да халқаро авиақатновлар терминалининг жўнаб кетиш залида ҳам электр таъминоти тикланди.

Соат 22:40да Қўйлиқ подстансиясида юз берган авария бартараф этилиб, пойтахт аэропортида электр таъминоти тўлиқ тикланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.