Пойтахт бош режасини ишлаб чиқиш биринчи босқичи учун 40 миллиард сўм ажратилди

Фото: weissdergeier

Тошкент шаҳрининг бош режасини ишлаб чиқиш учун биринчи босқичда пойтахт маҳаллий бюджетидан 40 миллиард сўм ажратилади. Халқ депутатлари шаҳар кенгаши 4-декабрда ушбу молиялаштиришни тасдиқлаган. Бу ҳақда Xushnudbek.uz ҳокимлик манбааларига таянган ҳолда ёзмоқда.

«Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқовнинг жорий йил 10-июлдаги қарорида ҳокимлик ва “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК ўртасида тўғридан-тўғри шартнома тузилгани, унга кўра биринчи босқичда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 40 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган«, – дейилади хабарда.

Сентябр ойида Шавкат Мирзиёев Британиянинг Cросс Wоркс компанияси томонидан ишлаб чиқилган Тошкент ва “Янги Тошкент” қўшма лойиҳасини маъқуллаган эди.

«Маъмурий марказда давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, кутубхона, тарих музейи, маданият саройлари жойлашади. Шунингдек, шаҳарда ишбилармонлик ва инновация туманлари, таълим, тиббиёт ва туризм кластерлари бўлади. 420 гектар майдонда марказий боғ, мавзелар орасида сунъий канал ва кўллар, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари бўйида сайилгоҳлар ташкил қилиниб, одамларнинг дам олиши учун сўлим шароитлар яратилади. “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси шу жойдан бошланиши белгиланган эди».

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.