Пойтахт ҳокимлиги ва Давлат экология қўмитаси Чилонзор кўчасида йўқ қилинган дарахтлар сони борасида келиша олмади
Пойтахт ҳокимлиги томонидан Чилонзор кўчаси 1-даҳада реконструкция ишлари бошланди. Узунлиги 1,4 километр бўлган йўлни бир метрга кенгайтириш ва чуқурлаштиришга қарор қилинди. Иш давомида кўча бўйида ўсаётган кўп йиллик дарахтларнинг илдизлари шикастланган: экологларнинг фикрича, уларнинг камида бир қисмини сақлаб қолишнинг иложи йўқ, деб ёзади “Новости Узбекистана” нашри.
Дарахтларни муваффақиятсиз ҳимоя қилишга уринган маҳаллий аҳоли бу ҳақда биринчи бўлиб бонг урди. Кейин уларга блогерлар ва журналистлар қўшилди. Шанба куни фаоллар илдизлари экскаваторлар томонидан очиб ташланган 99 та дарахтни санаб чиқишди.
Куннинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бошқа мутасадди шахслар воқеа жойига келди. Ҳокимлик матбуот хизматининг хабарига кўра, ҳудудни кўздан кечириш чоғида улар юқори илдиз қисми шикастланган атиги 7 та дарахтни аниқлаган.
Тошкент шаҳар ҳокими масъулларга лойиҳадаги олти чизиқли автомобиль йўли ўрнига тўрт чизиқли автомобиль йўлини қолдириш, ортиб қолган жойни эса яшил ҳудудга айлантириш топшириғини берган. Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳар прокурорига ушбу лойиҳада қўйилган хатоликлар учун лойиҳа институтити, қурувчилар, экология бўлими ва, умуман, ушбу лойиҳада қатнашган барча мутасаддиларга чора кўрилиши зарурлигини таъкидлаган.
Ҳокимлик хабарида Ботаника боғининг мутахассиси Атиргул Холмирзаева томонидан берилган дарахтларни қутқариш бўйича батафсил тавсиялар келтирилади. Хусусан илдизлари очилиб қолган қисмларга фитоспорин, майда илдизларнинг ўсиб кетиши учун корневин препаратлари тавсия этилган. Дарахтларнинг илдизларини озиқлантириш учун микроэлементли гуматни сув билан тўйинтириб, суғориш кераклиги айтиб ўтилган.
Бироқ, воқеа гувоҳларининг ёзишича, кеча кесилган илдизларнинг устига шунчаки экскаватор билан тупроқ тортилган.
Айни пайтда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, экологлар томонидан Чилонзор кўчасида 7 эмас, балки 101 туп шикастланган дарахт аниқланган, булар: 92 туп эман, 1 туп чинор, 5 туп тут, 2 туп арча ва 1 туп беҳи. Бунда, диаметри 45-98 сантиметр бўлган 9 та эман энг жиддий зарар кўрган, уларнинг омон қолиши даргумон.
Давлат экология қўмитаси мутахассисларининг фикрича, қолган дарахтлар ўсишдан тўхтамайди.
Шунингдек, Давлат экология қўмитаси йўлни таъмирлашдан олдин, қонун ҳужжатларида белгиланганидек, Давлат экология экспертизасининг хулосаси олинмаганини таъкидлайди.
Қўмита Чилонзордаги «ободонлаштириш ишлари»ни “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддаси (ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари) ва 37-моддси (дарахт ва буталарни кесиш) талабларини бузиш, деб баҳолади. Етказилган зарар дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 420,45 миллион сўмни ташкил этган, ҳужжатлар прокуратурага тақдим этилган.
Бош прокуратура, ўз навбатида, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (йирик зарарга олиб келган дарахтларга қасддан шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Бош прокуратура хабарида 7 та шикастланган эман дарахти кўрсатилган бўлиб, атроф-муҳитга етказилган зарар анча кам миқдорда ҳисобланган: 348,9 миллион сўм.
Шарҳлар