Пойтахт ва 5 вилоятда АГТКШларга киритилган чекловлар юмшатилди

Работники "Худудгаз"
Работники "Худудгаз". Фото: hududgaz.uz

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан пойтахт, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги АГТКШлар фаолиятини тиклаш мақсадида тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Айни вақтда мазкур ҳудудлардаги АГТКШлар фаолиятига киритилган қўшимча чекловлар юмшатилди ва улар маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида иш фаолиятини давом эттирмоқда. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” матбуот хизмати хабар беряпти.

Хабарда айтилишича, «ҳозирги вақтда табиий газни тенг тақсимлаш ва истеъмолчиларга бир маромда етказиб бериш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда. “Зангори ёқилғи” тўлиқ ҳажмда етказиб бериляпти, етишмовчилик кузатилмаяпти. Аммо айрим жойларда истеъмол ортгани сабабли газ босими пасайиши кузатилмоқда ва истеъмолчилар томонидан мурожаатлар келиб тушмоқда», – дейилади.

Муаммолар кузатилган жойларда газ таъминотини яхшилаш борасида соҳа мутахассислари томонидан барча керакли ишлар давом эттирилмоқда. 2023-йилнинг 14-декабрь куни газ таъминоти ташкилотлари томонидан аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга 110,8 миллион куб метр табиий газ етказиб берилди. Бундан ташқари суюлтирилган газ истеъмолчиларига 2193 тонна ёқилғи етказилган.

Ҳудудларда авария ҳолатлари кузатилганда, мутахассислар жойига юборилмоқда ва улар муаммоларни бартараф этишмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.