Покистон мультимодал йўлагини ташкил этиш тўғрисидаги Меморандумга қўшилди
18 сентябрь куни транспорт ва логистика соҳасидаги халқаро ҳамкорлик доирасида Покистон томони расмий равишда «Беларус – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон – Ҳинд океани портлари» халқаро транспорт йўлагини ташкил этиш ва ривожлантириш тўғрисида Ўзаро Англашув Меморандумига қўшилди.
Халқаро транспорт йўлагини ташкил этиш ва ривожлантириш жараёни 2022 йил августда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Қўшма Ишчи Гуруҳнинг учинчи йиғилишида бошланган. Ушбу йиғилишда йўлакни ривожлантириш масалалари фаол муҳокама қилиниб, Россия ва Беларус томонларидан мазкур лойиҳани амалга оширишга алоҳида қизиқиш билдирилган.
Маълумот учун, 2023 йилнинг ноябрь ойида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон транспорт вазирлари ўртасида имзоланган Ўзаро Англашув Меморандуми, лойиҳа бўйича амалга оширилиши кутилган ишларнинг фаоллашишига олиб келди. Мультимодал транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши 2024 йилнинг апрель ойида Термиз шаҳрида бўлиб ўтди, унда Беларус Транспорт вазирлиги Меморандумга қўшилиб, Афғонистон ва Покистон томонидан эса лойиҳага қўшилиш учун давлат ички тартиб-таомиллари якунланиши лозимлиги маълум қилинди. Ушбу йиғилишда юк ташишларни ривожлантириш, юк оқимларини таҳлил қилиш, электрон рақамли ҳужжатларни жорий этиш ва божхона жараёнларини оптималлаштириш бўйича аниқ режаларни ўз ичига олган Йўл харитаси қабул қилинди.
Покистоннинг ушбу кенг кўламли лойиҳага қўшилиши минтақавий савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва ХТЙ орқали халқаро юк ташишларни тезлаштиришда муҳим қадам эканлигини билдиради. Томонлар ХТЙ Евросиёдаги транспорт тизимида муҳим бўғин бўлишига, маҳсулотларни транзит ташиш учун қулай ва самарали йўлларни таъминлашига, ва иштирокчи мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришига умид билдирдилар.
Шарҳлар