Польша ТИВ: Варшава Россия ракеталарини Украина осмонида уриб тушириши “шарт”
Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Financial Times газетасига берган интервьюсида Польша ва Украина билан чегарадош бошқа давлатлар Россиядан отилган ракеталарни ўзларининг ҳаво ҳудудига киргунга қадар уриб тушириши “шарт” эканини билдирди. Бу баёнот минтақада хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар кучайган бир пайтда берилди.
Сикорскийнинг таъкидлашича, ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш ҳар бир давлатнинг конституциявий масъулияти ва унинг фикрича, Украина ҳудуди узра душман ракеталарини ушлаб олиш қонуний ўзини-ўзи мудофаа деб ҳисобланиши мумкин. Унинг таъкидлашича, ракета Польша ҳаво ҳудудига киргач, тинч аҳолига зарар етказиш хавфи ортади, шу сабабли уларни Украина осмонида хавфсизроқ баландликда уриб тушириш керак.
Польша аллақачон Украина билан икки томонлама хавфсизлик шартномасини имзолаган бўлиб, унинг доирасида Польша ҳудудига қарата отилган ракеталар ва дронларни ушлаб олиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бироқ, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бундай ташаббус альянсни можарога олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Сикорский 26 август куни Россия дрони Польша чегарасини кесиб ўтган воқеани ҳам тилга олди. Унинг таъкидлашича, ракеталар нишонга яқинлашганида, Польша фуқаролари орасида қурбонлар бўлиш хавфи ортиб боради, бу эса яқинлашиш босқичида уларни тутиб олиш заруратини туғдиради.
Аммо шуни таъкидлаш жоизки, Польша арсеналидаги зенит-ракета тизимларининг кўпчилиги 25 километргача чекланган масофага эга. Бу шуни англатадики, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари чегарага кўчирилган тақдирда ҳам улар фақат Волин, Львов ва Транскарпат областларининг энг яқин чегара шаҳарларини ҳимоя қила олади. Бундан ташқари, ушбу тизимларнинг аксарияти ракеталар ва дронларни тутиб олиш учун мўлжалланмаган, балки самолётлар ва вертолётларга қарши курашишга қаратилган.
Ракета таҳдидларига қарши туришнинг ягона самарали воситаси бу Американинг Patriot ҳаво мудофаа тизимларидир. Бироқ, Польшанинг ихтиёрида фақат иккита шундай тизим мавжуд, яна олтитаси энди етказиб берилади. PAC-3 MSE тизими 60 километр масофага эга, бу унга Украина ҳудудининг фақат бир қисмини, жумладан, ҳарбий базалар яқинида жойлашган Львов шаҳрини ҳимоя қилишга имкон беради.
Шундай қилиб, Польша раҳбариятининг хавфсизликни таъминлаш бўйича фаол чоралар кўриш бўйича қатъий чақириқларига қарамай, Польшанинг Россиядан келаётган таҳдидларга самарали қарши туриш қобилияти сўроқ остида қолмоқда.
Шарҳлар