Польшада жосусликда айбланган россиялик 2,5 йилга қамалди
Гданьск округ суди Россия фуқаросини “Россия разведкаси фойдасига жосуслик”да айблаб, 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар беради.
“2024 йил 16 апрелда Гданьск округ суди Россия разведкаси фойдасига жосусликда айбланган Россия Федерацияси фуқаросини, шунингдек, Польша Республикасининг уч фуқаросини коррупция жиноятларида айблади. Суд жосуслик фаолияти учун айбланувчини 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилди”, — дейилади Гданьск округ прокуратураси сайтида.
Прокуратура маълумотларига кўра, Россия фуқароси Польшада қонуний истиқомат қилган ва тижорат фаолияти билан шуғулланган. Айблов хулосасида айтилишича, у ҳарбий тарихий реконструкция жамоаларида иштирок этиш орқали Польша ҳарбийлари билан алоқаларни давом эттирган ва бу алоқалардан Польша армияси бўлинмаларининг жойлашиши ва уларнинг сони ҳақида маълумот тўплаш учун фойдаланган.
2023 йил декабрь ойида Польшанинг Люблин шаҳри округ суди Польша расмийлари Россия Федерацияси фойдасига жосуслик қилишда айблаган Беларус, Россия ва Украинанинг 14 нафар фуқароси иши бўйича қарор қабул қилди.
20 ёшли Россия фуқароси Максим С. суд томонидан 2 йил 11 ойга озодликдан маҳрум этилди ва 15 минг злотий (3750 доллар) миқдорида жаримага тортилди. Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ гўёки 2023 йилнинг январидан мартигача фаолият юритиб, муҳим инфратузилма, жумладан, ҳарбий иншоотлар ва денгиз портлари ҳақида маълумот йиғиш, шунингдек, қўпорувчилик ҳаракатларини тайёрлаш ва дезинформация тарқатиш билан шуғулланган. Айтилишича, улар ўз фаолияти учун криптовалютада тўлов олган.
Шарҳлар