Портлаш бўлган омборнинг бир қисмигина Божхонага тегишли

Фото: Газета.uz

Бугун Тошкент шаҳридаги “Inter logistiks” МЧЖга қарашли омборда содир бўлган ёнғин ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Ҳусан Тангриев ўз телеграм каналида бўлишган хабарда.

«Муҳокамаларда ёнғин объекти божхона иншооти сифатида талқин қилинмоқда. Шу боисдан кўплаб юртдошларимиз хавотир олиб, мурожаат қилишмоқда. Таъкидлаш жоизки, мазкур омборнинг маълум бир қисми божхона омбори мақомига эга», – дейди Ҳусан Тангриев, Божхона қўмитаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош инспектори.

Божхона омбори – тадбиркорлик субъектларининг лицензияланадиган  фаолият турига киради. Бунда омбор эгаси – тадбиркорлик суъбекти бошқа тадбиркорларнинг Ўзбекистонга олиб келинган товарларини, содда қилиб айтганда, ҳали “растаможка” қилинмаган товарларни ўзаро келишув асосида божхона расмийлаштируви якунлангунига қадар сақлаб туради.

Дунё амалиётида, жаҳон тажрибасида бу каби омборлар божхона омбори деб юритилади. Ҳозирда республикамизда тегишли лицензияга эга 400 га яқин божхона омборлари фаолият юритмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, божхона омборлари, хусусан ёнғин содир бўлган омбор ҳам божхона органларининг бино ва иншоотлари сирасига кирмаслигини эслатиб ўтамиз.

«Ёнғиндан жабр кўрган тадбиркорлар ва юртдошларимиз билан биргамиз!», – дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.