Пойтахт ҳокимлиги кучли қор ёғиши ва бу кунларда шахсий автомобиллардан фойдаланишни камайтиришни сўрамоқда

18 февраль куни кучли қор ёғиши, у камида 12 соат давом этиши кутилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ёғингарчилик ҳажми икки ойлик меъёрдан ошади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қиляпти.

Шу муносабат билан пойтахт аҳолиси ва меҳмонларидан:

Заруратсиз уйдан чиқмасликни, шахсий транспорт воситаларидан фойдаланишни минималлаштиришга ҳаракат қилишни ва ҳаракатланиш учун жамоат транспортидан фойдаланишни;
Қор ва муз массалари тушиши мумкин бўлган кўп қаватли бинолар яқинида юришдан сақланишни;
Қулоқчин таққан ҳолда ташқарига чиқмасликни сўраймиз — бу яқинлашиб келаётган машина ёки қор тушишини эшитмай қолишингизга олиб келиши мумкин;
Автомобилларни кўп қаватли бино ва иншоотлар, шунингдек, дарахтлар тагида қолдирмасликни;
Электр ёки газ таъминотида узилишлар юзага келган тақдирда Марказий диспетчерлик хизматининг 1055 рақамига ёки Телеграм орқали мурожаат қилишни илтимос қиламиз.

Қор ёғиши оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш учун ҳокимлик хизматлари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилотлар шай ҳолатда эканлигини маълум қилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.