Президент 16 та ҳокимнинг биринчи ўринбосари ишдан бўшатилгани ҳақида эълон қилди
Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент вилоятида ўтказилган йиғилишда 16 та ҳокимнинг биринчи ўринбосарларини ишдан бўшатишни топширди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Йиғилишда кўплаб шароитлар яратиб берилганига қарамасдан, Бекобод, Бўка, Қўшкўпир, Шаҳрихон, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой, Мирзаобод, Боғот, Улуғнор, Хўжайли ва Шуманай туманларида камбағаллик даражаси юқорилигича қолаётгани қайд этилди. Тадбиркорлик соҳасида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича Мирзачўл, Дўстлик, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳрида ишлар суст ташкил этилган.
Шу муносабат билан Наманган шаҳар ҳокимининг ва 15 та туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилди.
Ажратилаётган субсидиялар эгаларига етиб бормаётгани бўйича ҳам аҳолида эътирозлар кўплиги таъкидланди. Маблағлар аҳолига тўғридан-тўғри берилмасдан, Маҳаллабай ва Ёшлар агентликлари ҳамда Марказий банкнинг “маркет плейслари” орқали “тендерларда ғолиб бўлган таъминотчилар”га ўтказиб берилади. Яъни, аҳолида танлов йўқ, агентлик ёки банкнинг электрон платформаларидаги сотувчилар нимани қанча нархда таклиф қилса, аҳоли шуни олишга мажбур.
Аҳолида танлаш имконияти етмаганидай, таклиф қилинаётган маҳсулот ва хизматлар бозордан 20-25 фоиз қиммат. Бош прокуратура, Ҳисоб палатасига имтиёзли маблағлар ҳисобидан аҳолига маҳсулот ва хизматлар тақдим қилаётган “маркет плейслар” фаолияти шаффофлигини текшириш топширилди.
Шарҳлар