Президент 2022 йил учун бюджет параметрлари бўйича йиғилиш ўтказди
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан йиғилиш ўтказилди. Хусусан, таълим ва тиббиёт тизимига 58 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Президент бу маблағга қўшимча тарзда яна 12 триллион сўм ажратиш таклифини билдирди. Чунки ҳудудлардаги эҳтиёж ва аҳоли талабидан келиб чиқиб, келгуси йилда 55 та янги дастур амалга оширилиши белгиланган.
Жумладан, чекка жойларда 1 минг 600 та болалар боғчаси ташкил этиш, Миллий таълим дастури доирасида 40 та янги мактаб қуриш ва 235 тасини таъмирлаш, дарсликларни янгилаш ҳамда компьютер синфлари очиш каби кўплаб чора-тадбирлар мўлжалланган.
Олий таълим тизимида ҳам вазифалар кўп. Хусусан, бакалавр йўналишида давлат грантлари, магистратура ва докторантурага қабуллар сонини ошириш, давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхоналар қуришга субсидия бериш ҳамда 80 мингдан ортиқ талабалар ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш кўзда тутилган.
Тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш ҳамда ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этишга келгуси йилда жами 8 триллион сўм ажратилиши мўлжалланмоқда. Шундан 1 триллион сўми онкогематология, эндокринология, буйрак ва жигарни кўчириш каби дастурларга йўналтирилади. Коронавирусга қарши эмланганлар сонини 17 миллион нафарга етказиш, эҳтиёжманд аҳолига ихтисослашган тиббий хизматлар учун ҳам зарур маблағ ажратилади.
Давлат бюджети лойиҳасида ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш масалаларига ҳам кенг ўрин берилган. Уй-жойлар ва ижтимоий объектлар қуриш, маҳаллаларни обод этиш чора-тадбирлари учун 26 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган.
Молия вазирлигига келгуси йил 1 январдан тендерларни инсон омилисиз ўтказиш тизимини жорий қилиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, барча бюджет ташкилотлари бухгалтериясини тўлиқ рақамлаштириш, давлат харидлари бўйича ҳисоб-китобларни электрон ҳисоб-фактура орқали амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилди.
Шарҳлар