Президент 2028 йилиги олимпия ўйинларига тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклигини таъкидлади

Foto: prezident.uz

Президент Париждаги натижаларни чуқур таҳлил қилиб, улардан зарур хулоса ва сабоқлар чиқарган ҳолда 2028-йили Лос-Анжелесда бўладиган навбатдаги олимпиадага тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклигини қайд этди.

Масалан, Париж олимпиадасида 32 та спорт тури бўйича 329 та медал учун кураш олиб борилди.

Сузиш, сувга сакраш, синхрон сузиш, сув полоси, енгил атлетика, эшкакли, байдарка ва каноэда сузиш, велоспорт, ўқ отиш ва камондан отиш, гимнастика бўйича бизда спорт федерациялари ҳам, мусобақаларга тайёргарлик кўриш учун тегишли база ҳам бор. Энг муҳими, бу борада иқтидорли спортчилар ҳам етарли экани таъкидланди.

Чим устида хоккей, баскетбол, гандбол, регби, сув полоси каби жамоавий спорт турлари, юнон-рум кураши, от спорти, замонавий бешкураш, триатлон, қиличбозлик бўйича ҳам ҳали ишга солинмаган имкониятларимиз жуда кўплиги қайд этилди.

«Олдимизда тўрт йил вақт бор. Ўйлайманки, спорт федерациялари раҳбарлари ўзларига хулоса қилиб, Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган олимпиадага муносиб тайёргарлик кўрадилар», – деди Президент.

Бунга эришиш учун ҳар бир олимпия спорт турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда келгуси тўрт йилда спортчиларни тайёрлаш бўйича катта дастурлар қабул қилинади.

Ҳар бир йўналишда спорт медицинаси, фармакологияси, диетологияси, психологияси ва муҳандислиги бўйича чет элдан малакали мутахассислар жалб этилади. Бу борада “Олимпия шаҳарчаси”да мусобақалар ва ўқув-машғулотларни илғор хорижий тажрибалар асосида ўтказиш бўйича алоҳида тизим яратилади.

Баҳодир Жалолов, Оксана Чусовитина мактаблари каби ихтисослашган спорт муассасалари ҳар бир ҳудудда, ҳар бир спорт йўналиши бўйича ташкил қилинади.

Бундан ташқари, жойларда, айниқса, маҳаллаларда янги-янги иқтидорларни кашф қилиш, уларни манзилли селекция асосида халқаро мусобақаларга тайёрлаш бўйича ҳам алоҳида дастур жорий этилади.

Бунинг учун мамлакатдаги зарур спорт инфратузилмасига эга бўлган 15 та Олимпия ва паралимпияга тайёрлаш маркази, 6 та Республика олий спорт маҳорати мактаби, 56 та ихтисослаштирилган спорт мактабига ана шу йўналишларда юқори маҳоратли спортчиларни тарбиялаган маҳаллий ва хорижий тренерларни бириктириш лозимлиги таъкидланди.

Ҳукуматга спорт федерациялари раҳбарлари билан биргаликда ҳар томонлама асосланган таклифларини киритиш топширилди. Оммавий спортни ривожлантириш миллий олимпия ҳаракатининг ажралмас бир қисми бўлиши кераклиги қайд этилди. Шу боис мамлакатимизда оммавий спортни янада ривожлантириш ҳақида таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Яқинда Президент фармони билан 33-ёзги Олимпиада ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари, уларнинг мураббийлари ҳамда спорт делегацияси аъзоларидан бир гуруҳи мукофотланган эди.

Бугунги маросимда давлат раҳбари ушбу юксак мукофотларни ўз соҳибларига тантанали топширди. Сўзга чиққан спортчилар, муррабий ва ота-оналар эътибор ва ишонч, яратилган шароитлар ва рағбат учун миннатдорлик билдирди. Президент уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, келгуси фаолиятида янада улкан зафарлар тилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.