Президент ADM Jizzakh заводида ишлаб чиқариш бошланган янги Kia Sonet автомобили билан танишди

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев ADM Jizzakh автомобиль заводи фаолияти билан танишди. Президент заводда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, юртимиз саноат корхоналари билан кооперацияни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Бу борада ишлар бошланган. 2024-2027 йилларда 348 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиририш режалаштирилган. Айни пайтда мамлакатимиздаги 21 та  корхона билан кооперация тизими йўлга қўйилган.

Умуман, корхонада йилига 100 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Натижада келгусида иш ўринлари сони 3 мингга етказилиши кўзда тутилган.

Автомобиллар сифатини янада ошириш мақсадида Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой ва Вьетнам давлатларидан малакали мутахассислар жалб этилди. Бу борада хорижий ҳамкорлар билан жорий йилдан бошлаб дастлаб 50 нафар муҳандис Жанубий Корея ҳамда Хитойдаги тадқиқот ва лойиҳалаш марказларида малака оширишга юборилиши белгиланган.

Давлатимиз раҳбари заводда ишлаб чиқариш бошланган янги Kia Sonet автомобилини кўрди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.