Президент Администрациясида Митинглар тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда

Миржалол Аллакулиев. Фото: Министерство юстиции

Митинглар тўғрисидаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон президенти Администрациясида кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда 28 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Адлия вазирлиги қонунчилик департаменти бошлиғи Миржалол Аллақулиев маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

«Ҳозирда «Митинглар ва оммавий намойишлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган. Яқинда шу мавзуда [муҳокама] бўлди… Ички ишлар вазирлиги тавсиясига кўра, лойиҳа президент Администрациясида кўриб чиқилмоқда», — дея маълум қилди Адлия вазирлигининг вакили.

Миржалол Аллақулиев, агар қонунчиликда бундай тартиб бўлмаса, митинглар ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузгани учун суд томонидан 21 млн сўм жаримага тортилган блогер Олимжон Ҳайдаров қанчалик адолатли жазолангани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

У суд ўз қарорини учта ҳужжатга асослаганини таъкидлади, бироқ уларнинг номини келтирмади.

Таъкидлаш жоизки, МЖТКда «йиғилишлар, митинглар, кўчаларда юриш ёки намойишлар ўтказиш тартибини бузганлик» учун жавобгарлик мавжудлигига қарамай, бу тартиб қонун ҳужжатларида ҳалигача белгиланмаган. Буни 2021 йилда ўша пайтда Адлия вазирлигини бошқарган Русланбек Давлетов ҳам тан олган эди.

Ички ишлар вазирлиги «Митинглар, йиғилишлар ва намойишлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини 2019 йил июнь ойида, кейин эса 2020 йил август ойида муҳокама учун эълон қилган эди. Икки марта муҳокамалар натижасида қонун қабул қилинмади. Шу билан бирга, вазирлик «Митинглар тўғрисида»ги қонунни қабул қилишдан асосий мақсад «фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришдан иборат» эканини таъкидлаб, қонуннинг йўқлигини ҳуқуқий бўшлиқ деб атади.

Конституцияга мувофиқ, «Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга».

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.