Мактаб ўқувчилари Президент Администрациясида бўлишди

Президент ташаббуси билан ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови — таълим ислоҳотидаги қалдирғоч лойиҳалардан биридир. Бу, шунингдек, мактаб ўқувчилари ўзини намоён қилиши учун ажойиб имконият ва астойдил ўқиб билим олиши учун рағбат ҳамдир, деб ёзмоқда Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева телеграмдаги саҳифасида.

Ушбу танловда 6885 та мактаб ва 7–9-синфларнинг 35 мингга яқин ўқувчилари иштирок этган. Ғолиб жамоалар пул мукофотларига эга бўлди ва 70 нафар финалчи 14 нафар ўқитувчи ҳамроҳлигида Буюк Британияда бўлиб қайтди, улар у ерда бир ҳафта мобайнида нуфузли инглиз мактабларининг ўқувчилари сифатида дарс ва машғулотларда қатнашишди. Шунингдек, улар Лондон, Оксфорд ва Кембриж шаҳарлари билан ҳам танишишди. Ўқитувчилар эса инглиз тилини ўқитишнинг энг илғор методикаларини ўрганиш имкониятига эга бўлди.

Фото: Саида Мирзиёева саҳифасидан

«Бугун биз танлов ва фан олимпиадалари ғолиблари билан Президент Администрациясида учрашдик, мен уларга мамнуният билан Администрация иш фаолияти ҳақида тушунча бериб, экскурсия уюштирдим. Болалар ақлли ва қизиқувчан. Кўнгли очиқ ва тўғрисўз. Улар бизнинг келажагимиз», – дейди Саида Мирзиёева.

Шунингдек, «ҳар бирингиз — давлатимизнинг бойлиги, биз сизларнинг билимга интилишингизни қўллаб-қувватлашга ва рағбатлантиришга тайёрмиз. Чунки фарзандларимиз муваффақият эшикларини нафақат ўзлари учун очадилар. Балки ҳаммамиз учун, бутун мамлакат учун», – дейилади унинг хабарида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.