Президент: «Афғонистон ҳудуди хавфсизлигимизга таҳдид ва хатарлар манбаи бўлиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди»

Источник: president.uz

Шавкат Мирзиёев Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказилган “ШҲТ-КХШТ” форматидаги учрашувда нутқ сўзлади. «Афғонистон ҳудуди хавфсизлигимизга таҳдид ва хатарлар манбаи бўлиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди», – деди Ўзбекистон президенти.

Давлат раҳбари бу борада сўз юритганда, энг аввало, экстремизмнинг ортиши ва радикал мафкуранинг экспортини, Афғонистон ҳудудидан мамлакатларимизга қарши қўпорувчи ҳаракатлар учун фойдаланишни, жангариларнинг чегараларни бузиб ўтиш хавфини назарда тутишини қайд этади.

«Умумий саъй-ҳаракатлар билан, қатъий чоралар кўрган ҳолда, биргаликда террорчиларни “қайноқ нуқталар”дан Афғонистонга кўчириш каналларини кесиш муҳимдир. Шу муносабат билан ШҲТ МАТТ Ижроқўми ва КХШТ Котибияти, шунингдек, давлатларимиз махсус хизматлари йўналишида амалий ҳамкорликни кенгайтириш тарафдоримиз».

Президентнинг қайд этишича, янги ҳокимиятни тан олиш жараёнига кириш учун шароитлар яратиш мақсадида Афғонистон ва унинг атрофидаги вазиятнинг ривожланишига нисбатан ШҲТ ва КХШТнинг умумий стратегик ёндашувини ишлаб чиқиш ғоятда муҳим.

«Янги ҳукумат билан мулоқот у ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилишига яраша амалга оширилиши лозим. Булар қаторида – халқаро террорчилик ташкилотларига раҳнамолик қилмаслик; Афғонистон ҳудудидан учинчи мамлакатларга қарши фойдаланишига йўл қўймаслик; инсон, шу жумладан хотин-қизлар ва миллий озчиликларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинишини таъминлаш».

Шавкат Мирзиёев Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни давом эттириш муҳимлигини айтади.

«Мураккаб вазиятга қарамасдан, биз Ўзбекистон-Афғонистон транспорт узели – ушбу мамлакатга озиқ-овқат ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш учун энг муҳим йўл фаолиятини, шунингдек, электр энергиясининг узлуксиз таъминотини тўхтатмадик. Шуни алоҳида таъкиламоқчиманки, ёрдамнинг тўхтатилиши жафокаш афғон халқининг шундоқ ҳам оғир аҳволини янада қийинлаштиради. Айни пайтда янги ҳокимият қўшма лойиҳаларни амалга оширишда хавфсизликни кафолатлаши шарт».

Ўзбекистон президенти Афғонистоннинг яккалаб қўйилиши ва унинг назардан қолиб кетган мамлакатга айланишига йўл қўймаслик муҳимлиги таъкидлайди.

«Шу нуқтаи назардан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистонга кўмаклашиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни сафарбар қилиш ва мувофиқлаштириш учун янада кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкин бўларди, деб ҳисоблаймиз», – дея хулоса қилади у.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.