Президент Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида бўлди
Бугун Президент Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида бўлиб, соҳадаги режалар тақдимоти билан танишди.
Сўнгги йилларда ушбу соҳада 7 та янги ахборот тизими жорий қилиниб, 40 та йўналиш рақамлаштирилган. Халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг 20 миллион долларга яқин грант маблағлари жалб этилиб, лаборатория ва ускуналар янгиланган. Ҳудудлардаги стационар ва мобил лабораториялар орқали 1 миллион 40 минг гектар ернинг тупроқ таҳлили ўтказилиб, минерал ўғитларни қўллаш меъёрлари илмий асосда белгиланган ва “uzagrolab.uz” дастурига киритилган. Ундаги маълумот ва тавсиялар орқали фермерлар дала ва боғларга аниқ ишлов бермоқда.
Хабарга кўра, “бугунги кунда 80 та давлатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти учун 620 та фитосанитар рухсатлар олинган. “GSP+” тизими доирасида 200 минг гектар майдон халқаро талабларга мослаштирилган. 2023 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги экспорт қарийб 2 миллиард долларни ташкил этган. Лекин аслида экспорт салоҳияти бундан анча кўп”.
Агрокимё тизимида эса чет элдан юқори самарали энтомофаглар олиб келиниб, зараркунанда ҳашаротларга қарши янги турда кураш йўлга қўйилган. Тажрибали экспертларни жалб этган ҳолда ҳар бир маҳсулотни етиштириш, сақлаш, қадоқлаш ва етказиб бериш бўйича қўлланмалар ишлаб чиқилган. 10 та кўчма лаборатория ташкил этилган.
Бу йил ҳудудларда 10 та кўчма лаборатория ташкил қилинади. 6 мингта боғ, 3 мингдан зиёд токзор ва дала майдонлари, 344 та қадоқлаш корхонаси хорижий фитосанитария талабларига мувофиқлаштирилади. Пестицидлар муомаласидаги барча жараёнлар рақамлаштирилиб, сифатсиз пестицидларнинг мамлакатга олиб келиниши ва ноқонуний савдосига барҳам берилади.
“Бу соҳада ҳуқуқий замин бор, кўп давлатлар билан келишувларга эришганмиз. Лекин экспортчилар маҳсулотини қийинчилик билан сотаяпти. Шунинг учун экспортчилар билан доимий “мулоқот майдони”ни ташкил этиш керак. Ҳокимлар ҳудудда етиштирилаётган маҳсулотлар, элчилар ташқи бозордаги талаб ва нархлар билан экспортчиларни таништириб бориши зарур”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шарҳлар