Президент Андижондаги шахмат мактаби, кутубхона ҳамда Универсал спорт мажмуалари билан танишди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти Марҳамат туманидаги шахмат мактаби ва кутубхонада бўлди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беряпти.

“Юртимиз олдиндан салоҳиятли шахмат мактабига эга. Бугун ҳам болалар ўртасида “ақл гимнастикаси”га қизиқиш катта. Уларнинг бу иштиёқини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида Марҳамат туманида ҳам мажмуа бунёд этилди. Эркин Воҳидов номидаги ушбу мактабда ўқувчилар дарсдан бўш вақтларида ақл машқидан сабоқ олади. Уларнинг маҳоратни ошириш учун тажрибали мураббийлар жалб қилинган. Ўқув-машғулот хоналари ва мусобақа зали мавжуд. Комьпютерлашган илғор дастурлар ёшларга манзур бўлмоқда”, – дейилади хабарда. 

Давлат раҳбари бу ерда сабоқ олаётган ўғил-қизларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаб, эзгу тилаклар билдирди. Бу муассасани бошқа шахмат мактаблари билан боғлаб, тажриба алмашиб бориш муҳимлигини таъкидлаган.

Ушбу мактабга туташ Ёшлар кутубхонаси ҳам қурилган. У кенг ва шинам, бир вақтда 150 дан ортиқ китобхон мутолаа қилиши мумкин. Кутубхона 30 минг нусхадан зиёд адабиётга эга, қатор ахборот марказлари тармоғига уланган. Шулар боис ёшларнинг севимли масканига, интеллектуал ўйинлар, ижодий учрашувлар, китоб тақдимотлари ўтказиладиган қайноқ даргоҳга айланган.

Президент шу ерда андижонлик ёшлар билан мулоқот қилган.

“Биз иқтисодиётимизни ривожлантириб, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш, иш жойларини кўпайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Андижонда ҳам катта режаларимиз бор. Бунда аввало сизларга таянамиз. Ҳар бир билимли ёш – ватан ҳимоячиси”, – деган Шавкат Мирзиёев.

Таълим тизимидаги янгиликлар, ёш авлодга яратилаётган шароитлар, илмий-ижтимоий лойиҳалар ҳақида сўз борди. Президент ёшлар билан янги ташаббуслар юзасидан фикрлашди. Шунингдек, уларнинг таклифларини қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга кўрсатмалар берган.

Шунингдек, Президент Андижон шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатини кўздан кечирган.

Мазкур муассаса ўтган йили 50 миллиард сўм давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қурилган. У 504 ўринга мўлжалланган бўлиб, 5-11 синфларда аниқ ва табиий фанларни чуқур ўқитишга ихтисослашган. Мактабга ўқувчилар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан имтиҳон асосида олинади.

Мактаб-интернатда 60 дан ортиқ ўқув ва компьютер хоналари, чет тили синфлари, лаборатория мавжуд. Шунингдек, 222 ўринли ётоқхона, ошхона, спорт зали замонавий жиҳозланган.

Президент шу ерда ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Мактабнинг юқори синфлари билан олийгоҳ дастурлари ўртасида узвийликни таъминлаш, бир-бирини  такрорлайдиган дарсларга ёшларнинг вақтини кетказмасдан, кўпроқ амалиётга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Умуман, мактабларга таълим, тарбия ва маънавият бўйича янги муҳит олиб кириш кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, давлат раҳбари Андижон шаҳрида бунёд этилаётган Универсал спорт мажмуасини бориб кўрган.

“Ҳозирда тўрт минг томошабинга мўлжалланган ёпиқ зал қурилган. Унда бир нечта спорт тури бўйича мусобақалар ўтказиш мумкин бўлади. Жумладан, жорий йил кузда футзал бўйича жаҳон чемпионатининг айрим ўйинлари шу ерда ўтказилади. Йирик мажмуада бассейн, кафе, ресторан ҳам бўлади. Машҳур спортчиларнинг маҳорат мактаблари учун ҳам шароит яратилади. Машғулотлар спорт федерациялари ва олий таълим масканлари билан боғланган ҳолда олиб борилади”, – дейилган хабарда.

Мажмуани самарали эксплуатация қилиш, замонавий бошқарувни жорий этиш лозимлиги айтилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.