Президент ҳарбий маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга старт берди

Фото: president.uz

Ўзбекистон президенти, Қуролли кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 11 январь куни Мудофаа саноати агентлигининг Тошкент вилоятида жойлашган ишлаб чиқариш кластерига ташриф буюрди.

Ташриф чоғида Олий бош қўмондон янги турдаги ҳарбий маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича корхона фаолиятига старт берди. Маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлаш, муҳандис ва мутахассислар малакасини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Қисқа муддатда Мудофаа вазирлигининг бир нечта техник бўлинмалари негизида кенг кўламли қурилиш ишлари бажарилди, мавжуд объектлар мукаммал таъмирланди ва реконструкция қилинди. Кластер ҳудудига Мудофаа вазирлигининг техникани таъмирлаш заводи ва Марказий автомобиль техникасини сақлаш базаси кўчирилди.

Янги кластер ҳудудида жойлашган корхоналар ўзаро интеграция қилиниб, уларнинг ягона таъмирлаш цехлари ташкил қилинди. Мазкур корхоналарда қурол-яроғ ва ҳарбий техника, радиолокация қурилмалари, оптик ва электрон-оптик асбоблар, ўқотар ва артиллерия қуроллари модернизация қилинмоқда ҳамда металларга юқори аниқликда ишлов берилмоқда.

Давлат раҳбари ушбу қувватлар фаолияти билан танишиб, соҳага илғор технологияларни кенг жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш зарурлигини қайд этди, корхоналар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Саноат тармоқларига, шу жумладан мудофаа саноатига “яшил” технологияларни кенг жорий қилиш бўйича белгиланган вазифаларга мувофиқ ҳамда электр энергиясини иқтисод қилиш мақсадида кластер ҳудудида қуёш панеллари ўрнатилган. Бу ишлаб чиқариш жараёнларининг электрга бўлган эҳтиёжининг катта қисмини муқобил манбалар ҳисобидан таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, давлат раҳбарига Мудофаа саноати агентлигининг янги кластеридаги ишлаб чиқариш қувватлари томонидан таъмирланган ва модернизация қилинган ҳарбий техника ва қурол-яроғ намуналари намойиш этилди.

Президент мутасаддиларга мудофаа саноати корхоналарининг ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.