Президент Қашқадарё вилоятида қиймати 3,42 млрд долларлик GTL заводини ишга туширди
Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 25 декабрь куни “Uzbekistan GTL” заводининг очилиш маросими бўлди. Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Завод қиймати – 3 миллиард 420 миллион АҚШ доллари, иншоотлар майдони 135 гектарни ташкил қилади.
Давлат раҳбарининг матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, мажмуада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.
«Ушбу маҳсулотлар ҳисобига, йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик экспорт ва 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари таъминланади», – дейилади хабарда.
Заводда янада юқори қўшилган қийматли бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган. Жумладан, завод негизида алкил-бензол, бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализаторлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 620 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган. Бу ярим тайёр маҳсулотлар кимё ва маиший кимё, текстиль, чарм ва мебель, қурилиш материаллари ва электротехника каби соҳаларда кенг қўлланилади.
«Завод ишга тушганидан кейин жами 1 минг 300 та мутахассис юқори даромадли, доимий иш ўрнига эга бўлади. Мени қувонтирадигани, завод қурилишида қатнашган мутахассисларнинг қарийб 80 фоизи ўзимизнинг маҳаллий кадрлар, янгича ишлашга чанқоқ ёшлар. Бу ёшлар – Янги Ўзбекистон ёшлари. Улар миллий саноатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, бу йўлда “олтин фонд”имизга айланади», – дея қайд этади Шавкат Мирзиёев.
Маросимда “Uzbekistan GTL” заводининг техник директори Марсель Юрген Краузе, “Hyundai Engineering” компанияси президенти Ким Чанг Хаг, “Газпромбанк” бошқаруви раиси ўринбосари Алексей Матвеев, “Air Products and Chemicals” компанияси президенти Сейфи Гасемий сўзга чиқиб, янги заводнинг аҳамиятини қайд этди.
Маросим доирасида яна бир корхона – Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини 3 баробарга кенгайтириш бўйича лойиҳа қурилишига ҳам старт берилди.
Бу лойиҳанинг қиймати 1 миллиард 800 миллион доллар бўлиб, Uzbekistan GTL заводи ёнида қурилади. Унда 430 минг тонна нафтани қайта ишлаш ҳисобига йилига 280 минг тонна полиэтилен ва 100 минг тонна полипропилен тайёрланади. Яна мингга яқин иш ўрни очилади.
Шу тариқа, Шўртанда юртимиздаги биринчи йирик газ-кимё кластерига асос солинади. Бу кластерда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳозирги 290 миллион доллардан 2025 йилда 1,8 миллиард долларга етказилади. Яъни, 6 баробарга ошади.
Ушбу кластер тизимидаги корхоналар 1 долларлик хом ашёдан 10 долларлик юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар яратади.
Давлат раҳбари янги корхона қурилишига тамал тоши қўйди.
Шарҳлар