Президент боксчилар Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва Лазизбек Муллажонов билан телефон орқали суҳбатлашди
Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Париждаги ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясига навбатдаги 2 та олтин медални келтирган ва уларнинг сони бўйича рекорд кўрсаткичга эришилишига ҳисса қўшган спортчиларимиз – боксчилар Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва Лазизбек Муллажонов билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати ёзмоқда.
«Бокс бўйича Ўзбекистон дунёда тенгсиз эканини яна бир карра исботлаганингиз учун миннатдорлик билдириб, табрикламоқчиман. Халқимизнинг чинакам қаҳрамонлари бўлдингиз. Янги Ўзбекистоннинг янги ёшларига жуда катта ўрнак, намуна бўлаяпсизлар. Юртимиз ўғлонлари нималарга қодир эканликларини бутун дунё ҳамжамияти кўриб турди ва мен сизлардан ғурурланаман», – деди давлатимиз раҳбари.
Йигитларимизнинг кечаги ғалабалари халқимизга жуда катта мамнуният бағишлагани таъкидланди. Президентимиз юқори натижаларга эришаётган олимпиячиларимизга, бутун терма жамоамизга ўзининг қизғин саломини етказишни сўради.
Чемпионлар ҳам Президент ва халқимиз ишончини оқлаганидан мамнунлигини билдириб, шундай ғалабаларга эришиш имконини берган эътибор ва кенг шароитлар учун давлатимиз раҳбарига ташаккур изҳор қилдилар. Бундан буён ҳам Ватан байроғини баланд кўтаришда давом этишга ваъда бердилар.
Шарҳлар