Президент бугун Паралимпия ўйинларида ғалаба қозонган спортчилар билан телефонда гаплашди
Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпия ўйинларида ғалаба қозониб, терма жамоамиз ҳисобидаги олтин медаллар сонини бештага етказган енгил атлетикачилар Элбек Султонов, Ёрқинбек Одилов ва таеквондочимиз Асадбек Тоштемиров билан телефон орқали суҳбатлашди.
Давлат раҳбари ўз номидан ва барча юртдошлар номидан спортчиларни самимий қутлаб, бу зафарлар энг азиз, энг улуғ байрам – Мустақиллик кунига муносиб совға бўлганини таъкидлади. Паралимпиячиларимиз муросасиз беллашувларда кўрсатаётган юксак маҳорат ва метин ирода бутун халқимиз, айниқса ёшларни руҳлантираётгани қайд этилди.
Президент йигитларнинг мураббийлари ва ота-онасига миннатдорлик билдириб, кеча совриндор бўлган спортчиларга ҳам салом ва табрик сўзларини йўллади.
Чемпионлар ҳар бир чиқишда давлат раҳбари ва халқ қўлловини ҳис этганларини таъкидлаб, юртимизда паралимпия ҳаракати ривожига қаратилаётган эътибор ва яратилган шароитлар учун раҳмат айтдилар.
Шарҳлар