Президент CОП29 саммитида иқлим ўзгаришига қарши янги ташаббусларни илгари сурди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12-ноябрь куни Боку шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенцияси CОП29 саммитида нутқ сўзлаб, глобал иқлим муаммоларини биргаликда енгиш бўйича қатор таклифлар билдирди.
Давлат раҳбари иқлим ўзгаришлари дунё бўйлаб камбағаллик, озиқ-овқат хавфсизлиги, ичимлик суви ва энергетик хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни кучайтираётганини таъкидлади. Ўзбекистонда 2030-йилгача иссиқхона газларини учдан бир қисмини камайтириш, 2050-йилгача эса «яшил» энергетика улушини 40 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Президент Мирзиёев иқлим хатарларига қарши чоралар кўриш учун халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини айтиб, қатор ташаббусларни илгари сурди:
- Халқаро марказ: ривожланаётган давлатлар учун иқлим йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича марказ тузиш;
- Дарё экотизимлари Декларацияси: БМТ шафелигида трансчегаравий сув ресурсларини ҳимоя қилиш бўйича ҳужжат ишлаб чиқиш;
- Генетик ресурслар банки ва БМТ инновацион агросаноат хаби: Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун янги технологиялар марказини ташкил этиш;
Жаҳон иқлим пойтахтлари алянси: мегаполисларнинг барқарор ривожланиши учун Тошкентда биринчи форум ўтказиш.
Президент Мирзиёев CОП29 иштирокчиларини келгуси йил Халқаро иқлим кунида Оролбўйида ўтказиладиган “яшил” ташаббуслар фестивалига таклиф қилди ва Ўзбекистон халқаро ҳамкорлик ва «яшил» тараққиёт йўлида доим тайёр эканини билдирди.
Шарҳлар