Президент дала четларидан фойдаланиш самарадорлиги муҳокама қилинди

Foto: Prezident press

Бугунги йиғилишда дала четларидаги ерларни самарали ишлатиш масаласи танқидий кўриб чиқилди. Қорақалпоғистонда 2,1 минг гектар, Фарғонада 1,2 минг, Самарқандда 826, Бухорода 784 ва Қашқадарёда 247 гектар ерлар ишлатилмаётгани таъкидланди. Айрим ҳудудларда эса деҳқонларга сифатсиз уруғ ва талабга жавоб бермайдиган дорилар берилаётгани қайд этилди.

Шу сабабли, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўсимликлар карантини агентлигига ҳокимлар, экспортчи ва фермерлар билан биргаликда уруғ, кўчат, дори ва ўғит етказиб беришнинг янги тизимини ишлаб чиқиш топширилди.

Бундан ташқари, дала четларидан самарали фойдаланган тадбиркорлар мисол қилиб кўрсатилди. Жумладан, Асакада 3 гектарда 10 минг дона тут, терак ва ток экиб, 5 йил ичида 700 миллион сўм даромад кўрилгани маълум қилинди. Самарқандда эса 6,5 минг аҳолига 3 миллион олча кўчати бепул тарқатилиб, экиш йўлга қўйилган.

Йил охиригача дала четларидаги 650 минг ва аҳолига ажратилган 364 минг гектар ерни экспортчи-тадбиркорларга бириктириш режаси белгиланди. Шунингдек, томорқа ва дала четларида даромадли экинлар экиш ҳамда уларни экспорт қилишни назорат қилиш вазифаси Ўсимликлар карантини ва ҳимоя агентлигига юклатилди.

Самарадорликни ошириш учун дала четларидан фойдаланган фермерларга қўшимча енгилликлар жорий этилиши таъкидланди. Хусусан, ер солиқларини икки йилга бўлиб тўлаш, ички фитосанитария сертификатларини бепул олиш, 100 миллион сўмгача кредитларни соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш кўзда тутилган.

Назорат тизимини кучайтириш учун “э-Фито” платформаси орқали дала четларидаги ерлар ва ҳосил ҳисоби юритилади. Ҳар бир маҳаллада лимон ва узум кўчатларини тарқатиш, кўп қаватли уйлар атрофига узум экиш ташаббуслари қўллаб-қувватланади. Шу билан бирга, 164 қишлоқ туманининг маҳаллаларига минитехника ажратилиб, улар учун 30 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилиши режалаштирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.