Президент: Фарғона аҳолиси 2030 йилга бориб 5 миллионга етади
Қувада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Давлат раҳбари кеча вилоятда янги корхоналарни бошқараётган тадбиркорлар, замонавий технологияларда ишлаётган ёшлар, чиройли уй-жой массивларига кўчиб ўтган одамларни кўриб, мамнун бўлганини таъкидлади.
Шу билан бирга, дунёдаги ҳозирги ўта мураккаб шароитда янги йўл очиш, инвестиция олиб келиш ўз-ўзидан бўлмаётгани қайд этилди.
Фарғона аҳолиси 4 миллиондан ошди. Бундай ўсиш билан вилоят аҳолиси 2030 йилга бориб 5 миллионга етади. Бу – Фарғона вилоятини ўзида йилига 100 та янги боғча, 40 та мактаб, 20 мингта хонадон ва 500 мингта қўшимча иш ўрни яратиш керак, дегани.
Бу эса вилоят ҳокими, унинг 8 та ўринбосари, 19 та шаҳар-туман ҳокими олдига катта вазифалар қўйиб, улардан қаттиқ масъулият талаб этиши кўрсатиб ўтилди.
Ўтган етти йилда вилоятга киритилган инвестициялар ҳажми 3 карра ўсди. Товар айланмаси 10 миллион доллардан ошган 122 та корхона пайдо бўлди. Фарғона корхоналари 60 та янги бозорга кириб борди.
«Шу билан бирга, агар вилоят раҳбарияти янгича тизим қилиб, тадбиркорлар билан кўпроқ шуғулланганида эди, Фарғонада 2-3 карра кўп натижага эришиш мумкин бўлар эди», – деди давлат раҳбари.
Вилоятдаги баъзи корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажми пасайгани, айримлари ишламаётгани, 3 та лойиҳани ишга тушириш 4-5 йилдан бери чўзилиб келаётгани танқид қилиниб, масъул раҳбарлар бундай корхоналарга ёрдамлашиши зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилди.
Рўйхатга олинган тадбиркорларнинг муайян қисми фаолият юритмаётгани, айримларида эса айланма ва иш ўринлари қайд этилмагани “яширин иқтисодиёт”дан далолат бериши қайд этилди.
Мутасаддиларга бу ҳолатларни ўрганиб, “соядан” чиқишга кўмаклашиш топширилди.
Шарҳлар