Президент Форишдаги корхона саноат кластерида бўлди

Фото: пресс-служба президента

Президент Шавкат Мирзиёев  Жиззах вилояти Фориш туманидаги “Basalt Uzbekistan” кластерига ташриф буюрди.

Етти йил аввал Форишга саноат кириб келган – Олмоссой конидан базальт тошини қазиб олиб, ундан тола тайёрлаш йўлга қўйилган. Ноёб, инновацион технология асосида қурилиш саноати учун муҳим бўлган арматура ва сеткалар ишлаб чиқарила бошланган.

Давлат раҳбари 2019 йил январь ойида бу корхонага ташриф буюриб, унинг фаолиятни янада кенгайтириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди.

“Шу асосида бозордаги талаб, хомашё олинадиган конлар ўрганилиб, Германия, Франция, Италия, Чехия каби давлатлардан энг замонавий технологиялар келтирилгпн. Натижада 300 гектар майдонда умумий қиймати 498 миллион долларлик олтита лойиҳа ташкил этилиб, корхона кластерга айлантирилган”, – дейилади хабарда. 

Кластерда йилига 177 минг тонна базальт тошидан махсус тола, директ ровинг, фибра, арматура, композит геосетка, қувурлар, мато ва иссиқлик-изоляция плиталари каби 42 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, ўтган йили 45 минг тонна 554 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган. Уларга дунёда талаб юқори. Маҳсулотларнинг 80 фоизи АҚШ, Англия, Польша, Италия, Чехия, Грузия, Россия, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинган.

Кластерда 1 минг 700 дан ортиқ киши иш билан таъминланган.

Президент кластер маҳсулотларининг афзалликларини тадбиркорларга тушунтириш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича кўрсатма берди. Янги давлатларга сифат сертификатлари олиб, ташқи бозорга чиқишни янада фаоллаштириш, халқаро қурилиш ва саноат компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.