Президент хавфсизлик хизматининг фаолияти тартибга солинди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунни имзолади. Энди давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) бевосита Ўзбекистон президентига ҳисобот беради ва бўйсунади, деб ёзади “Спутник” нашри.
Қонунга кўра, Президент давлат хавфсизлик хизмати қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади ҳамда ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан мустақил тарзда олиб боради.
«Газета.uz» нашрининг аниқлик киритишича, қонунга кўра қуйидагилар қўриқланадиган шахслар ҳисобланади:
- Президент сайлови натижалари МСК томонидан расман эълон қилинган кундан эътиборан Ўзбекистон президенти ва унинг оила аъзолари;
- Собиқ президент ва оила аъзолари унинг бутун ҳаёти давомида;
- Янги сайланган президент лавозимига киришгунига қадар президент вазифаларини ва ваколатларини бажарувчи шахс;
- Ўзбекистон ҳудудида бўлган вақтда чет давлатларнинг, ҳукуматларнинг, парламентларнинг, халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, чет давлатларнинг бошқа сиёсий ва жамоат арбоблари, шунингдек, уларга ҳамроҳлик қилаётган оила аъзолари.
ПДХХ ҳуқуқлари қаторидан тезкор қидирув ҳамда контрразведка фаолиятини олиб бориш, терговга қадар текширув ўтказиш, гумондор, ҳуқуқбузарлик содир этаётган ёки содир этган шахсларни ушлаб туриш, қўриқланадиган шахслар турган объектлар, ҳаракатланиш йўналишлари ва уларга туташ ҳудудлар устида учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишни тақиқлаш, навигация сигналларига тўсиқ қўйиш, шунингдек, мазкур аппаратларга шикаст етказиш ёки уларни йўқ қилиш кабилар ўрин олган.
ПДХХ мажбуриятлари қаторига қўриқланадиган шахслар ва объектлар хавфсизлигини таъминлашдан ташқари, терроризмга қарши курашиш, қўриқланадиган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига таҳдидларнинг (тажовузларнинг) олдини олиш ҳамда чоралар кўриш юзасидан мониторингни амалга ошириш киради.
ПДХХ ҳарбий хизматчилари жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар, совуқ ва ўқотар қуролларни қўллаш ҳуқуқига эга.
Шарҳлар