Давлат раҳбари Европанинг бир қатор етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди
Президент Шавкат Мирзиёев 3 май куни Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгаши мажлиси доирасида Европанинг бир қатор етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда “Suez” компанияси раиси ва бош директори Сабрина Суссан, “Arsenale Group” компанияси бош директори Паоло Барлетта, “Airbus” корпорациясининг Европа бўйича президенти Йохан Пелисье ҳамда “Linde” компаниясининг Европа ва Яқин Шарқ бўйича президенти Оливер Пфанн қатнашди.
Давлат раҳбари ушбу учрашув Европа бизнесининг Ўзбекистондаги фаолиятни кенгайтиришга қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолат эканини катта мамнуният билан қайд этди.
«Инвестициявий ва инновациявий шериклик, сув таъминоти, фуқаролик авиацияси, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, туризм ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди», – дейилган.
Европа компаниялари раҳбарлари Ўзбекистон Президентига самимий қабул ҳамда инвесторларнинг самарали фаолияти учун яратилаётган қулай шароитлар учун миннатдорлик изҳор этди. Устувор тармоқлардаги муҳим лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда бундан буён ҳам иштирок этишга тайёр эканини билдирди.
Шарҳлар